Жорий йилнинг 13–16 февраль кунлари Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлди.
Ўрганиш якунлари бўйича тегишли мутасаддилар ва ҳудуд масъуллари билан биргаликда вилоятдаги педагоглар учун аттестация жараёнларининг ташкил этилиши, унда қайд этилаётган натижалар ҳамда бу борадаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, охирги икки йил давомида вилоятдаги олий тоифали ўқитувчилар сони 656 дан 893 нафарга, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 3 544 дан 3 944 нафарга ошишига эришилди. Бугунги кунда вилоят мактабларидаги олий тоифали ўқитувчилар улуши 2 фоизни, биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 8,9 фоизни ташкил этмоқда.
Аммо яратилган имкониятларга қарамасдан, вилоятдаги 570 та (61,4%) мактабда бирорта ҳам олий тоифали ўқитувчи мавжуд эмас. Мазкур кўрсаткичлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқориси Сариосиё, Узун, Шўрчи ва Қумқурғон, энг пасти эса Термиз шаҳри ва Термиз туманларига тўғри келади.
Шунингдек, вилоят бўйича биринчи тоифали ўқитувчилар мавжуд бўлмаган мактаблар сони 145 тани ташкил этса, 129 тасида бирорта ҳам биринчи ва олий тоифали ўқитувчи фаолият юритмаяпти.
Юқоридаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб, ҳудуддаги ўрганиш жараёнлари бўйича ишчи гуруҳга раҳбарлик қилган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев таълим сифатини ошириш, педагоглар малакасини кўтариш бўйича вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган ва ўз ечимини кутаётган қатор масалаларга бирма-бир тўхталиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таълим сифатининг нафақат пойтахтда, балки олис қишлоқларда ҳам юқори даражада бўлиши учун мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг билими, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонларини ҳам қайта кўриб чиқиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Шунинг учун, биз ҳудудларда бўлиб, мазкур жараённи адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаш, фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бевосита педагогларнинг фикр ва таклифларини ўрганаяпмиз.
Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида педагогларнинг малака тоифалари бўйича қайд этган натижаларини таҳлил қилганимизда сўнгги икки йилда икки баробаргача ўсиш кўрсаткичи қайд этилганига гувоҳ бўлдик. Сурхондарёда ҳам бу борада эришилган натижаларга кўз юмиш адолатдан бўлмас. Аммо бошқа вилоятларга қараганда, рақамлар динамикаси анча суст. Биз мактабларга чиққан ҳолда, мазкур ҳолатнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилдик.
Кўриниб турибдики, вилоятда ўз ишининг фидойиси бўлган устозлар жуда кўп. Бунда уларни тоифа оширмаганликлари учун шунчаки айблаш тўғри эмас. Бунинг учун, аввало, сифатли методик ёрдам беришимиз, ўз билим ва кўникмасини ошириш учун шарт-шароит яратишимиз зарур.
Хусусан, вилоятдаги умумтаълим муассасаларини маҳоратли педагоглар билан таъминлаш ва уларнинг малака кўрсаткичларини мунтазам тарзда ошириб бориш учун ҳудудий малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари томонидан тингловчилар учун электрон платформалар контентининг бойитиб борилиши ҳамда улардан самарали фойдаланишни ташкил этилиши, ва педагогларнинг малака кўрсаткичлари бўйича доимий назоратнинг олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу билан биргаликда, таълимни бошқариш органлари ва олий таълим муассасалари педагогика йўналишидаги битирувчи курс талабалар амалиётини мактабларда ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг эса мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан бирга сифат таркибини яхшилашга кўмаклашиши натижанинг янада салмоқли бўлишига хизмат қилади, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.