Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Бойсун ва Сариосиё туманларида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектларини ташкил этиш бўйича мастер-режалар тасдиқланди.
Мастер-режалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, АТБ “Микрокредитбанк” ҳамда БМТ Тараққиёт дастури кўмагида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур режаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Мастер-режада кўрсатиб ўтилганидек, Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омбори қирғоқбўйи ҳудудида “Оби ҳаёт” экотуризм мажмуасини рўёбга чиқариш режалаштирилган. Унга кўра, 110 гектар майдонда 21 та лот ажратилган бўлиб, бу ерда аҳоли, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун дам олиш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, сув спорти, экстремал спорт турлари ҳамда экотуризмни ривожлантириш кўзда тутилган.
Бойсун туманидаги “Омонхона” ҳудудида 220 гектар майдонда замонавий туризм объектлари барпо этилади. Мастер-режа доирасида 25,6 гектарлик 25 та ер участкаси аукцион савдолари орқали тадбиркорларга таклиф этилади. Лойиҳа хусусий сектор томонидан амалга оширилади.
Сариосиё туманидаги “Сангардак” ҳудуди бўйича ишлаб чиқилган режага кўра, 615 гектар ер майдони 20 та лотга ажратилади. Шундан 22,5 гектарлик 20 та участкасини аукцион савдолари орқали тадбиркорларга таклиф этиш режалаштирилган. Бу ерда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари, савдо объектлари ва туризм инфратузилмаси босқичма-босқич амалга оширилади.
Ушбу мастер-режалар Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятини ошириш, аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ва хусусий сектор фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА