Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда ”Юз минг китоб карвони” тадбири ўтказилади
22:33 / 2023-12-23

Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” да Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов янги йилнинг дастлабки ойларида воҳада ”Юз минг китоб карвони” маънавий-маърифий тадбири ўтказишни таклиф этди.

Жанубдаги воҳа аҳолисининг қарийб 60 фоизи ёки 733 минг нафари ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизлар бўлиб, уларнинг чуқур билим олиб, ҳар тарафлама соғлом, маънан баркамол улғайишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз бизнесини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар муносиб рағбатлантирилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “Ёшлар дафтари” асосида қўллаб-қувватланаётир. Жумладан, ўтаётган йилда 33 минг 369 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг 28 минг 418 нафарига  тегишли ёрдам кўрсатилди. Масалан, дафтардаги ёшларнинг 6 минг 445 нафари доимий иш билан таъминланди. 2 минг 415 нафарига дехқончилик учун ўртача 20 сотихдан ер майдони берилди. 2 минг 736 нафарига 8 миллиард 330 миллион сўмлик замонавий меҳнат қуроллари, 3 минг 87 нафарига  66 миллиард  217  миллион сўм имтиёзли кредит маблағи, 4 минг 335 нафарига 8 миллиард 591 миллион сўм миқдорида ўқиш учун контракт-тўлов пули ажратилди.  

Ўтган ўқув йилида  вилоятдаги умумтаълим мактабларини 32 минг 703 нафар ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Уларнинг 10 минг 954 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.  781 нафари профессионал таълим муассасаларига жалб этилди. Меҳнат бозорига кириб келган 20 минг 862 нафар ўғил-қизнинг бандлиги таъминланди.

Воҳада ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг бизнес ғояларини  рўёбга чиқариши учун 14 минг 402 нафарига 312 миллиард 554 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу маблағ эвазига 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.  

–Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Сурхондарё вилоятида ёшлар  тадбиркорлигини  қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  вилоятда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга  ҳам  алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётганининг ёрқин ифодаси  бўлди,¬  деди Улуғбек Қосимов.– Ушбу ҳужжатга  мувофиқ вилоятда  соҳани янада  юксалтириш, ёшлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун 40 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратиладиган бўлди. Ёшларимиз яратилган бу имкониятдан оқилона ва самарали фойдаланиб, янги марраларни эгаллашига ишонаман. Ташаббускор, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрман. Янги йил сизлар билан маънавий юксалишда ҳам маррани кенг оламиз. ”Юз минг китоб карвони” маънавий-маърифий тадбирини ташкил этиб, ёшлар ўртасида маънавий қадриятларимиз ва китобхонликни кенг тарғиб қиламиз.

Учрашув якунида тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ йигит-қизларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари, Термиз шаҳри ва туманларга  Ёшлар ишлари агентлиги нашр этган  “Уйғониш” китоблар тўплами  топширилди.  

Шу куни вилоят раҳбари Термиз шаҳридаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”да ёш тадбиркорлар билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг “Сурхондарё вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашди. Бу ердаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилаётган 40 миллион доллар миқдоридаги маблағдан мақсадли, самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири