Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда янги йил ҳосили учун уруғлик чигит тайёрланмоқда
11:58 / 2022-01-13

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги “Олтин Чигит” Ўзбекистон – Греция қўшма корхонасида баҳорги экиш мавсуми учун уруғлик чигит тайёрлаш бошланди.

Корхона бир йилда 5 минг тонна уруғлик чигитни туксизлантириб, касалликларга қарши дорилаш қувватига эга.

Юздан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхона жорий йилги мавсум учун 900 тонна уруғлик чигитни туксизлантириб, дорилашни мўлжалламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатимизда пахтачиликнинг кластер тизимига ўтилгани ҳосилни етиштиришдан бошлаб уни тўлиқ қайта ишлашгача бўлган жараёнларни сифатли амалга ошириб, салмоқли даромад олишни талаб этмоқда. Шунга мувофиқ пахтакорлар эртапишар, касалликларга чидамли ғўза навларини экишга катта қизиқиш билдираётир. Вилоятдаги пахтачилик-тўқимачилик кластерларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганган қўшма корхона бу йилги мавсум учун “Султон”, “Беш қаҳрамон”, “Порлоқ” каби воҳа иқлимига мос, касалликларга чидамли, серҳосил ва эрта пишар ғўза уруғларини қайта ишламоқда.

Ҳосилни йиғиштириш пахтанинг юқори сифатли уруғлик фондини яратишда ҳал этувчи босқич саналади. Ғўза кўсаги бир пайтнинг ўзида эмас, балки, аста-секин очилиши билан бошқа маданий экинлардан фарқ қилади. Бу жараён пахта ҳосили, айниқса, уруғлик пахтани териб олишни анча қийинлаштиради. Уруғлик пахтанинг сифати кўсакларнинг тупда жойланиши, зараркунанда ва касалликларга чалинмаганига боғлиқдир. Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутасаддиларнинг фикрича, тупнинг ўрта ва пастки қисми, иккинчи ва қисман учинчи конусида жойлашган кўсакларда энг сифатли уруғлик чигит бўлади. Бу кўсаклар совуқ тушгунча яхши етилиб, пишади. Ундан йиғиб олинган уруғ экиш мавсуми олдидан қайта назоратдан ўтказилиб, тегишли ишлов берилади.

–Уруғлик чигитни қайта ишлашда вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда фаолият юритамиз, – дейди “Олтин Чигит” қўшма корхонаси раҳбари Турдиали Хўжаназаров. – Бунда соҳанинг тажрибали мутахассислари зарур маслаҳат ва тавсияларини бераётир. Ишчи-ходимларимиз учун мастер-класслар ташкил этмоқда. Узоқ йиллардан буён давом этаётган бу ҳамкорлик буюртмачилармиз билан ҳар тарафлама ишончли алоқа ўрнатишимизга хизмат қилмоқда.

Ғўза нозик ўсимлик. Ундан юқори толали, мўл ҳосил етиштиришда саралаб олинган уруғлик чигитнинг алоҳида ўрни бор. Бу ҳозирги пайтда соҳа мутахассислари олдида турган муҳим масалалардан биридир.

–Уруғлик пахтанинг сифатига ғўзанинг зараркунанда ва касалликлари катта таъсир этади, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Даврон Тангиров. – Кемирувчи зараркунандалар билан шикастланган кўсаклар чирий бошлайди ёки ундан паст сифатли хом ашё олинади. Бундай кўсакларнинг пахтаси сарғиш, кул ранг тусда бўлади. Пахта бити ажратадиган ёпишқоқ шира пахтани ифлослайди ва “оқ шира” ҳосил бўлади. Унда қоракуя замбуруғлари кўпайиб, “қора шира”га айланади. Натижада оқ пахта қора тусга кириб, уруғлик пахтанинг сифати пасаяди. Гоммоз юққан кўсакларнинг пахтаси пишмаган, сарғиш ва толаси ёзилмайдиган паст сифатли бўлади. Вилт юққан ғўзалардан айниқса, паст сифатли тола ва чигит олинади. Ғўза экини атрофидаги муҳитда ҳаво намлиги юқори бўлса, очилган кўсакдаги толада уни турли хил рангга киритувчи замбуруғлар ривожланади. Бундай кўсакларнинг толаси момиқланмайди, тола ва уруғлик чигитнинг сифати анча пасайиб кетади. Айни пайтда мамлакатимизда шу каби муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли илмий изланишлар олиб борилмоқда.

– Қўшма корхона ўрта ва ингичка толали уруғлик чигитни қайта ишлашда етарли тажриба ва зарур ускуналарга эга, – дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Қумқўрғон туман бўлими инспектори Йўлдош Жонназаров. – Масалан, ингичка толали уруғлик пахтани қайта ишлашда ҳар бир нав учун алоҳида технологик режим белгиланади. Технологик жиҳозларнинг иши ҳap бир иш сменаси вақтида уруғликнинг шикастланганлик даражасига қараб узлуксиз бошқариб турилади. Экиш учун тайёрланаётган уруғлик чигит зарур препаратлар билан қуруқ усулда қайта ишлаб зарарсизлантирилгач, қопларга солиниб, тегишли муҳр босилади. Қоп ичига уруғликнинг келиб чиқиши, нави, репродукцияси, навдорлиги, далалар гуруҳи, унувчанлиги ва бошқалар ёзилган ёрлиқ солиб қўйилади. Шундай мазмундаги ёрлиқ қоп устига ҳам ёпиштирилади. Ҳар бир партия уруғлик пахта қайта ишланиб бўлингандан сўнг яна бир қатор агротехник стандартлар амалга оширилгач, тайёр маҳсулотга сертификат берилади.

Қўшма корхона шу йил яна бир янги лойиҳани амалга ошириб, тукли уруғлик чигитни дорилаш технологиясини ўзлаштиради. Бир иш кунида 50 тоннагача тукли уруғлик чигитни қайта ишлаб, дорилайдиган замонавий цехда 20 та янги иш ўрни яратилади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА