ЎзЛиДеП томонидан Музработ туманидаги истироҳат боғида ташкил этган "Янгиланаётган Конституция – бугуннинг талаби, эртанинг кафолати!" мавзуидаги тарғибот тадбирида турли соҳа вакиллари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев, ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Алишер Рўзиев ва бошқалар бугун жамиятимизда юз бераётган ўзгаришларга мос янгиланиши талаб этилган Бош Қомусимиз эртанги янада осуда, обод ва фаровон ҳаётимизнинг ишончли кафолати бўлишини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ҳаракатлар олиб борилмоқда. Яқин йилларда бундай улуғвор мақсадга эришиш ЎзЛиДеП дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Шунга мос равишда янгиланаётган Конституциямизда таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда.
– Умуман, янги таҳрирдаги асосий Қонунимизда таълим олиш ҳуқуқларига оид 9 та муҳим янгилик киритилмоқда, – деди ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Алишер Рўзиев. – Масалан, давлатнинг узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланиши таъминлаши, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилиши, бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишнинг кафолатлаши Конституциямизда белгилаб қўйилмоқда. Яна мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида бўлади.

Учрашувда, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия беришнинг кафолатланаётгани, фуқароларнинг давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқи таъминланиши каби нормалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.

Тарғибот тадбири Она Ватан, тинч, обод ва фаровон ҳаёт кенг тараннум этилган концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири