Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Сурхондарё вилоятида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш доирасида жами 724 нафар ҳоким ёрдамчисидан 666 нафари иштирок этди. Сўровнома маҳаллаларда мавжуд бўлиши тавсия этилган хизмат турларининг амалдаги ҳолатини баҳолашга қаратилди ва ушбу баҳолаш Президентнинг тегишли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилди.
Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича ҳар 10 минг нафар аҳолига ўртача 32 та озиқ-овқат дўкони тўғри келади. Айрим ҳудудларда бу кўрсаткич пастроқ бўлиб, хусусан, Бандихонда 24 та, Қумқўрғонда ва Олтинсойда 26 та. Кийим тикиш ва таъмирлаш хизматлари 7 тани ташкил этган бўлса, Бандихон ва Олтинсойда 4 тадан қайд этилган. Умумий овқатланиш хизматлари 6 тага тенг бўлиб, Қумқўрғон ва Олтинсойда 4 тадан фаолият юритмоқда. Автотранспортга техник хизмат кўрсатиш объектлари 5 тани ташкил этиб, Бандихон ва Жарқўрғонда 3 тадан мавжуд. Сартарошхоналар ҳам ўртача 5 та бўлиб, Қумқўрғон, Денов ва Шерободда 4 тадан қайд этилган.
Хусусий мактабгача таълим хизматлари ҳар 10 минг аҳолига 5 тадан тўғри келади, Бойсун ва Олтинсойда 3 тадан фаолият юритмоқда. Шунингдек, автотранспорт воситаларини ювиш шохобчалари 4 та (Сариосиёда 3 та), дорихоналар 4 та (Бандихон, Қумқўрғон ва Термиз туманларида 2 тадан), ўқув марказлари 3 та, гўзаллик салонлари 2 та (Қумқўрғон, Шеробод ва Олтинсойда 1 тадан), спорт-соғломлаштириш марказлари 2 та ҳамда хўжалик моллари ва уй-рўзғор буюмларини ижарага бериш хизматлари 2 тани ташкил этади.
Ҳар 100 минг нафар аҳолига 15 та пойабзал таъмирлаш, 14 та маиший техника ва АКТ воситаларини таъмирлаш, 14 та тантана ва оилавий тадбирларни ташкил этиш, 13 та интернет зали, 9 та ветеринария хизмати ҳамда 1 та босмахона, таҳрирлаш, нусха кўчириш ва нашр этиш хизмати тўғри келиши аниқланди.
Шу билан бирга, айрим маҳаллаларда хизмат кўрсатиш объектлари умуман ташкил этилмаган ҳолатлар ҳам қайд этилди. Жумладан, 12 та маҳаллада озиқ-овқат дўкони мавжуд эмас (Узунда 5 та, Сариосиёда 2 та). 156 та маҳаллада кийим тикиш ва таъмирлаш хизматлари ташкил этилмаган бўлиб, бу ҳолат айниқса, Олтинсойда 21 та, Жарқўрғонда 17 та ва Шерободда 16 та маҳаллада кузатилмоқда. 246 та маҳаллада умумий овқатланиш хизматлари йўқ (Деновда 33 та, Жарқўрғонда 27 та, Қумқўрғон ва Олтинсойда 26 тадан). Шунингдек, 83 та маҳаллада сартарошхона (Сариосиёда 11 та, Жарқўрғонда 10 та, Олтинсойда 8 та), 197 та маҳаллада автотранспортга техник хизмат кўрсатиш (Жарқўрғонда 23 та, Денов ва Қумқўрғонда 20 тадан) ҳамда 187 та маҳаллада хусусий мактабгача таълим хизматлари (Олтинсойда 23 та, Денов, Сариосиё ва Узунда 18 тадан) мавжуд эмас.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, озиқ-овқат дўконлари 69 та маҳаллада етишмайди, бунда эҳтиёж айниқса, Шўрчида 9 та, Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Деновда 7 тадан юқори. Кийим тикиш ва таъмирлаш хизматлари 128 та маҳаллада талаб даражасида эмас (Денов ва Олтинсойда 18 та, Сариосиё ва Шерободда 12 тадан). Умумий овқатланиш хизматлари 192 та маҳаллада етишмайди, сартарошхоналар 147 та, автотранспортга техник хизмат кўрсатиш 163 та ва хусусий мактабгача таълим хизматлари 167 та маҳаллада эҳтиёж юқори даражада экани қайд этилди.
Ўрганиш натижалари хизмат кўрсатиш соҳасини ҳудудлар кесимида янада ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли эҳтиёжларига мос равишда янги объектларни ташкил этиш муҳимлигини кўрсатмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА