Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари жорий йилнинг биринчи чорагида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш, аҳолига юридик, давлат хизматлари кўрсатиш, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида муайян ишларни амалга оширди.
Шу даврда бошқарма ва унинг туман, шаҳар адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан 2 минг 136 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1 минг 770 таси ҳал этилиб, 895 таси ёки 51 фоизи қаноатлантирилди. 878 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 140 таси кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юборилди. “Ишонч телефони” га келиб тушган 198 та мурожаатнинг 186 таси ҳал этилиб, 136 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида вилоят адлия бошқармаси жорий йил дастлабки чораги якунларига бағишлаб ўтказган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга соҳада амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
–Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 72 та қарор лойиҳаларидан 58 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М. Ҳотамов. – Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти юзасидан ўрганиш ва мониторинглар ўтказилиб, натижаси бўйича 47 та тақдимнома киритилди. Натижада 9 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорлари бекор қилиниб, 60 дан ортиқ қарори қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди. Қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда амалиётда мавжуд муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 62 та таклиф ишлаб чиқилди.
Адлия ходимлари вилоятдаги 131 та ташкилот ва муассасада 236 та ўрганиш, 231 та мониторинг ўтказиб, 11 минг 251 та қонун бузилиш ҳолатини аниқлади. Уларни бартараф этиш юзасидан 459 та тақдимнома, 126 та маъмурий жавобгарликка ҳамда битта жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф ва 1 минг 207 та огоҳнома киритилди. 205 нафар шахс интизомий ва 101 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Интизомий чора қўлланилган шахсларнинг 9 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. 2 минг 192 та ноқонуний ҳужжат бекор қилиниб, 11 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағи қонуний эгаларига қайтарилди. Судларга 17 миллиард 623 миллион сўмлик 348 та даъво аризаси киритилиб, ҳозиргача уларнинг 11 миллиард сўмлик 284 таси қаноатлантирилди.
Анжуманда шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш, давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида олиб борилган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири