Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да воҳадаги юздан ортиқ кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашди.
Мулоқот чоғида тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш давлат хизматчиларининг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.


Вилоятдаги соҳавий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этган очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг мурожаат, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, улар ўртага ташлаган масалаларнинг ечимини топиш йўллари изланди. Аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар тегишли мутасаддиларга бириктирилиб, қонун доирасида ечимини топиш учун аниқ муддат белгиланди. Ижроси қатъий назоратга олинди.


Учрашув якунида иштирокчиларга “Холис” хизмат иловасининг имкониятлари ва ундан фойдаланиш тартибларига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда платформа орқали тадбиркорлар тўловларни қабул қилиши, QR-код ва NFC технологиялари орқали тезкор, хавфсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириши, электрон ҳужжатлар билан ишлаши, маблағлар ҳаракатини назорат қилиши ҳамда молиявий жараёнларни самарали бошқариш имкониятига эга бўлиши юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА