Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда содир этилган барча жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди
11:04 / 2026-02-12

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов воҳадаги криминоген вазият юзасидан аҳолига мурожаат йўллади.

Унда Президентимизнинг жорий йилнинг 27 январь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, нарко ва кибер жиноятларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилаётгани ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиб, ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан амалга ошириладиган ижтимоий-профилактик тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритилган.

– Вилоятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудий профилактика инспекторлари алоҳида эътибор қаратиб, ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга берилган хулосалар асосида муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда, – дейилади мурожаатда. – Президентимиз белгилаб берган тизим асосида иш юритилгани туфайли йилнинг илк ойида вилоятдаги 723 та маҳалланинг 95 фоизи ёки 696 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади. “Қизил” маҳаллалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80 фоизга камайди. 

Кўряпсизлар, шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Наркотик савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб этмоқда. Бундай жиноятларга қарши курашиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратамиз. Ёшларимизни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз.

Хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келган. Лекин, жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас, деб биладиган халқимизга асло ярашмайди. Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас. Бу – бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар этган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали тадбирларни ташкил этамиз. Шунингдек, ҳудудларда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш учун мактабларда давоматни электрон назорат қилиш мақсадида “Е-Davomat” электрон платформаси, Оилавий (маиший) тазйиқ ва зўравонлик бўйича ўз вақтида ички ишлар органини хабардор қилиш мақсадида “Қўшни назорати” тизимлари Сурхондарё тажрибаси сифатида жорий этилди. Ахборот технологиялари йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолининг айрим тоифаларига замонавий психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Термиз давлат университети билан меморандум имзоланиб,  ижрога қаратилди. Бир ойда содир этилган жиноятларнинг барчаси “иссиқ изи”дан фош этилди. Олди олиниши лозим бўлган жиноят турларидан енгил тан жароҳати етказиш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши камайиб, бирорта ҳам номусга тегиш, босқинчилик жиноятлари қайд этилмади. 

Ўтган бир ойда амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида 20 дан ортиқ қидирувдаги шахс ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди. Икки килограммга яқин гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Келгусида ҳуқуқбузарлик содир этиши мумкин бўлган шахслардан 90 дан ортиқ ноқонуний совуқ қурол олиниб, 22 таси бўйича маъмурий чора кўрилди. Текширувлар чоғида 9 та ўқ-отар ва пневматик қурол олиб қўйилди. Турли мудҳиш жиноятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун икки мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 20 га яқин спиртли ичимликка ружу қўйган, 13 нафар гиёҳванд ва 9 нафар руҳий касал шахс даволаниш муассасаларига жўнатилди. Белгиланган тизим асосида ишлашга ўтиш натижасида ҳар иккинчи жиноят ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди.

Мурожаатда, шунингдек, кибержиноятларга қарши кураш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳолини осуда, обод ва фаровон ҳаёт учун ҳамиша эътиборли, ҳушёр бўлишга даъват этилган. Хонадони ва уй ҳайвонлари, бошқа кўринишдаги мол-мулкларини қаровсиз, очиқ қолдирмаслик, шубҳали шахсларнинг найрангларига учмаслик сўралган. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири