Сурхондарёда қовун пишди
Шеробод туманидаги “Сардорбек Султонбек Самир Далер” масъулияти чекланган жaмияти раҳбари Санжар Алланазаров Фарғона вилояти Бешариқ туманилик зироатшунос Абдутолиб Неъматов билан ҳамкорликда анорзор қатор орасида эртапишар қовун ва тарвуз етиштириб, мўл ҳосил тўплади.
Маҳаллий иқлим шароитида полиз маҳсулотларидан салмоқли ҳосил олиш учун тажрибали деҳқонлар жорий йил январь ойининг сўнгги ўн кунлигида уруғ экиб, уни бир текис ундириб олди. Февраль ойининг охирги ўн кунлигидан тўртинчи мартгача экин майдонларига ўтқазди.10 гектар анорзор қатор орасида “Дакара” навли эрта пишар қовун, 10 гектарда “Дўлбе” навли тарвуз парваришлади.
Шеробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Асомиддин Мамаюсуповнинг ЎзАга хабар беришича, бугун очиқ майдонда етиштирилган полизнинг илк ҳосили йиғиб олиниб, ички бозорда сотиш учун чиқарилди.
Соҳибкорлар эртачи қовуннинг 1 гектаридан 30 тоннагача, тарвуздан 60 тонначага ҳосил олишни мўлжалламоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА