Ижтимоий тармоқларда 2023 йил 24 январь куни Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ҳудудида онасидан ажралиб қолган 6-7 ойлик ноёб қўнғир айиқ боласи топиб олингани ҳақида хабар тарқалган эди.
Вилоят экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, “Узун” давлат ўрмон хўжалиги ва “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ходимлари тоғларда олиб борган назорат тадбирлари чоғида оппоқ қор қўйнида дуч келган айиқ боласи қишнинг изғиринли кунларида озуқа топишда қийинчиликка дуч келиши ва нобуд бўлиши эътиборга олиниб, у малакали мутахассислар қаровида сақлашга олинган эди.

Қишли-қировли кунларда топиб олинган айиқ боласининг келгуси тақдири ва у қаерда сақланаётгани ҳақида вилоят экология, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати қуйидаги маълумотни тақдим этди.

Ўшанда айиқ боласи махсус транспорт воситасида Тошкент ҳайвонот боғига етказилиб, унга Зинка номи берилган. Ҳайвонот боғи реабилитация марказининг малакали ветеринар врачлари уни меҳр билан парваришлаб, зарур профилактика тадбирларини олиб борган.

Айни пайтда соғлом ва қувноқ ҳаёт кечираётган Зинка ҳайвонот боғи ходимлари билан дўстлашиб олган. Бу ерга келувчи томошабинлар, айниқса, болажонлар катта қизиқиш билан кузатадиган жониворлардан бирига айланган.
Маълумотларга кўра, Зинка Янги йилда уч ёшга тўлиб, балоғатга етиш арафасида турибди.
Бундан уч йилча аввал қишнинг изғиринли кунларида топиб олинган айиқ боласига назар ташласангиз, у оппоқ қорга бурканган олис тоғ бағрида ҳаётини сақлаб қолган ва кейинчалик унга ғамхўрлик қилган барча табиат жонкуярларига миннатдорлик билдираётгандек таассурот уйғотади.

Мутахассисларнинг айтишича, қўнғир айиқ октябрь-ноябрь ойларидан бошлаб, март-апрель ойигача дарахтлар ва тошларнинг остидаги ковакларда, табиий чуқур жойлар, ўзи қазиган инига тушиб қишки уйқуга кетади. Урғочи қўнғир айиқ уяда тўрттагача болалаши мумкин. Қўнғир айиқлар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Уни овлаш тақиқланган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири