Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда қидирувдаги 323 алиментчи ота ва 72 та автотранспорт топилди
11:47 / 2022-06-22

Сурхондарё вилоятида фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро самарадорлигини ошириш мақсадида МИБ вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларга тегишли мол-мулкларни қидириб топишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йил ўтган даврида олиб борилган тезкор қидирув тадбирларида ижро ҳужжати талабларини бажаришдан бўйин товлаб қочиб юрган қидирувдаги шахсларнинг 327 нафари топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширилди.

Қидирув чоғида топилган қарздорларнинг 323 нафари фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб қочиб юрган алимент тўловчилардир. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг суд буйруғига асосан, Шўрчи туманида яшовчи Жўрабек Хидировдан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлса-да, бироқ қарздор ота бир неча ой давомида яшаш манзилида йўқлиги ва номаълум тарафда қочиб юргани сабабли унга нисбатан шу йил февраль ойида қидирув эълон қилинган эди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Ж.Хидировнинг Россия федерациясида экани аниқланди. У хориждан келган вақтида ушланиб, тарафлар юзлаштирилди. Қочоқ отага алимент боланинг қонуний ҳаққи экани, алимент тўламасликнинг оқибатлари тушунтирилди. Шундан сўнг оила вакиллари орадаги низога чек қўйиб, ярашиб олди.

Жамиятимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси талабларини бажаришдан бўйин товлашга уринаётган жисмоний ва юридик шахслар ҳам борки, шу мақсадда улар ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини яширишга уринади. Бундай шахсларга нисбатан ҳам қидирув ишлари олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар ижроси таъминланмоқда. Мисол учун, МИБ Шеробод туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан “ASLAN BEK” ва “ARXETEKTURA YO’L LOYIHA” масъулияти чекланган жамиятларининг банк олдидаги кредит қарздорлиги учун гаров мулки ҳисобланган учта автотранспорт воситасини қидириб топиш ва қарздорликни ундириш белгиланган эди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари ўз самарасини берди. Қарздор жамиятларга тегишли “Lacetti” русумли енгил автомашина Шеробод туманидан ҳамда “Spark” ва “Lacetti Gentra” автомашиналари Термиз шаҳридан топилиб, сақлаш учун жарима майдончасига ёпилди.

Йилнинг ўтган даврида вилоятда қарздор юридик ва жисмоний шахсларнинг қидирувга берилган 72 та автотранспорт воситаси мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан топилиб, улар бўйича қарздорлардан олти миллиард 244 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилиши таъминланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА