Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда параспорт ривожланиш босқичида
15:59 / 2024-04-16

Термизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида паралимпия мусобақасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор юртдошларимизга кўрсатилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Ногиронлиги бўлган инсонларнинг саломатлигини тиклаши, спорт билан шуғулланиши учун катта имкониятлар яратилаётгани тўғрисида фикр алмашилди.

–Президентимиз раислигида жорий йилнинг 20 февралида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб этиш ва “Беш ташаббус” доирасида спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди, –дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев. –Шунга мувофиқ вилоятда зарур чора-тадбирларни белгилаб, ногиронлиги бўлган шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб этиш, уларни жисмоний соғломлаштириш бўйича муайян ишларни амалга ошираяпмиз. Ногиронлиги бўлган шахсларни параспортнинг ўзлари қизиққан турларига жалб этишни мақсад қилиб олганмиз.

Матбуот анжуманида қайд этилдики, ҳозиргача тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари хулосасига кўра, вилоятда 8 минг 298 нафар ногиронлиги бўлган шахсга параспорт билан шуғулланиш учун йўлланма берилиб, уларнинг 326 нафари параспортга жалб этилган.  

–Айни пайтда вилоятда паралимпия йўналиши бўйича 12 та спорт тури шакллантирилиб, 716 нафар жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёш спортчи ўзлари қизиққан параспорт турлари билан шуғулланмоқда,¬–дейди Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Абдуолим Усмонов. –Улар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган беллашувларда ҳам фаол иштирок этаётир. 16 нафар параспортчи бешта параспорт туридан жаҳон мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Эндиликда биз параспорт билан шуғулланиш истагида бўлган барча воҳадошларимизни спортга қамраб олиб, паралимпия йўналиши бўйича спорт турларини 15 тага етказмоқчимиз.  

Анжуманда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиядаси” оммавий спорт мусобақаларига вилоятда кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва унинг қуйи босқичларини ўтказиш тартиблари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири