Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида ўтган йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда қайд этилдики, якунланган йил давомида вилоят адлия бошқармаси ва адлия бўлимлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширди. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти ўрганилиб, мониторинглар ўтказилди. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш, давлат хизматлари тақдим этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўтган йил вилоят адлия бошқармаси ва адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан 6 минг 96 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 минг 378 таси ҳал этилиб, 48 фоизи ёки 2 минг 593 таси қаноатлантирилган. 2 минг 785 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 720 таси кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юборилган. 126 та мурожаат жорий йилга қолдиқ бўлиб ўтган. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 232 та қарор лойиҳаларидан 146 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти ўрганилиб, мониторинглар ўтказилди. Натижада 32 та тақдимнома киритилиб, давлат ҳокимияти органларининг 19 та норматив тусдаги қарори бекор қилинди. Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда амалиётда мавжуд муаммоли ҳолатларни бартараф этиш масаласида 182 та таклиф ишлаб чиқилган.

Бошқарма ва унинг тизимидаги адлия бўлимлари ўтган йил 816 та ўрганиш ва 1 минг 169 та мониторинг ўтказиб, 1 минг 589 та ташкилотни қамраб олган ва 85 минг 262 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Уларни бартараф этиш юзасидан 1 минг 421 та тақдимнома, 463 та маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф, 2 минг 806 та огоҳлантириш киритилиб, 327 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 9 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилиб, 460 нафарига маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилган. 3 минг 733 та юридик тусга эга ҳужжат бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилган. 25 миллиард 206 миллион сўмдан ортиқ пул маблағи қонуний эгаларига қайтарилган. Судларга 9 миллиард 429 миллион сўмлик 744 та даъво аризаси киритилиб, 11 миллиард 743 миллион сўмдан ортиқ 731 та даъво аризаси қаноатлантирилган.

Вилоятда жами 541 минг 442 та хонадон мавжуд. Ўтган йил адлия органлари томонидан воҳадаги 411 минг 673 та хонадонда яшовчи аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди. Уйма-уй юриш, сайёр қабуллар ва “Адлия куни” тадбирлари давомида жами 138 минг 456 та ҳуқуқий муаммо аниқланди. Жумладан, 36 минг 352 таси adliya.mahalla.uz платформаси, 89 минг 881 таси “Ҳуқуқий маҳалла”, 12 минг 223 таси “Онлайн маҳалла” платформаси орқали келиб тушди. “Ҳуқуқий маҳалла” концепцияси ижроси доирасида 180 та маҳаллада ишлар ташкил этилиб, 57 мингдан ортиқ хонадон қамраб олинди. Натижада 89 минг 881 та ҳуқуқий ва бошқа турдаги масала аниқланиб, уларнинг 80 минг 730 таси ижобий ҳал этилди. Муаммоларни бартараф этиш мақсадида адлия органлари томонидан 402 та таъсир чораси қўлланилди, 64 минг 300 нафар фуқарога бепул бирламчи юридик ёрдам, 15 минг 657 та сайёр хизмат кўрсатилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижроси, давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш, давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат ўтказиш, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда нотариат ва адвокатура соҳаларида амалга оширилган ишлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлди. Шунингдек, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА