Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси жорий йилнинг уч ойида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашда маҳалла институтини мутлақо янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ вилоятда аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш ва ҳар бир маҳаллада "Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла" тамойилига асосланган мутлақо янги тизимда иш олиб бориш жорий этилмоқда.
Ҳисобот даврида 21 нафар вояга етмаганлар томонидан 18 та жиноят содир этилган. Шундан еттитаси Денов туманида, иккитаси Шўрчида юз берган. Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод, Қизириқ туманларида вояга етмаганлар ўртасида биттадан ўғрилик, безорилик жиноятлари қайд этилган.
Айни пайтда вилоятда 727 нафар профилактика (катта) инспектори хизмат кўрсатмоқда. 166 нафар вояга етмаганлар ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида ва фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи 34 ота-она рўйхатда турибди.
Дастлабки чоракда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 188 ва 1881-моддасига асосан вояга етмаган шахсларни тунги вақтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз бўлиши ҳамда вояга етмаган шахсларни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб этиш бўйича 3 та ҳолат аниқланган. Ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган 58 ўқувчи аниқланиб, уларни мажбурий таълимга жалб этиш чоралари кўрилган.

– Вилоят ҳудудида назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ўзбошимчалик билан уйдан чиқиб кетган 179 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, улардан 172 нафари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҲПБ вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлими бошлиғи, катта лейтенант И.Омонов. – Жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган ва тузалиш йўлига кирмаган бир бола вояга етмаганлар махсус таълим муассасасига юборилди. Вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун уч ойда таълим муассасаларида 1 минг 400 дан ортиқ (“Давомат” ва “Тиғ”) тадбир ҳамда тунги рейд ўтказилиб, 40 дан зиёд турли ҳолат аниқланди. 78 нафар ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларига тақдим этилди.
Матбуот анжуманида шу ҳақда атрофлича фикр алмашилиб, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида жиноятчиликка қарши курашиш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА