Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда она тилимиз шарафланмоқда
18:37 / 2025-10-21

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги ва 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни Сурхондарё вилоятида кенг нишонланмоқда.

Вилоятнинг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги Алишер Навоий сиймосига чуқур эҳтиром кўрсатиб, ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Вилоят ва Термиз шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари, тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талаба-ёшлари, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган маросимда мамлакатимизда ўзбек тилининг мақоми ва нуфузини янада юксалтириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди. Ўзбек тилининг дунёдаги энг жозибадор, бой мулоқот воситаси экани, юртимизда мустақилликгача қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг тилимизни асраб-авайлаш ва нуфузини оширишдаги аҳамияти ҳамда кейинги йилларда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тарғиб этишга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида фикр алмашди.

Президентимизнинг шу йил 20 октябрда қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялаш, юртимизда давлат тилининг тўлақонли жорий этишни таъминлаш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шароитлар яратишда муҳим дастуриламал бўлади. Таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириб, софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаб, жаҳондаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади. 

 – Президентимиз ташаббуси билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида белгилангани ва Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган куннинг катта шодиёна сифатида нишонланиши мамлакатимизда она тилимизга кўрсатилаётган беқиёс эътиборнинг амалдаги ифодасидир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олламуродов. – Бу кун эндиликда нафақат юртимиз, балки дунёда нишонланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Байрам тадбирлари буюк бобокалонимиз Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошланиши ҳам барчамизга бирдек фахр улашади. Она тилимизни улуғлаган сўз мулкининг султони шахсияти ва нафис ижодига юксак эҳтиром кўрсатилаётгани қалбларга ўзгача қувонч бағишлайди. Аслида миллатимиз улуғланадиган бу улуғ айём бир кунлик байрам эмас, балки асрлар давомида она тилимизнинг сайқал топиб, сўз бойлиги ортиб бораётгани, тилимизга эътибор кучайиб, дунё минбарларида янграётганининг ўзи биз учун катта шодиёнадир. 

Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири