Жорий йилнинг дастлабки ярмида Сурхондарё вилоятида 296 миллион юз минг дона тухум етиштирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 фоизга кўп. Воҳада олинган сервитамин озиқ-овқат маҳсулотининг 48,7 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди.
Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда энг кўп тухум Денов туманида етиштирилиб, савдо расталарига қарийб 49 минг дона тухум чиқарилди. Термиз туманида 48 мингдан ортиқ, жарқўрғонликлар 45 минг донага яқин тухум етиштирди. Энг паст кўрсаткич Термиз шаҳрида 4 минг 100 донани, Бандихонда 3 минг 929, Олтинсой туманида 3 минг 920 донани ташкил этди.
Мутахассислар тухумнинг инсон организми учун фойдали неъмат эканини таъкидлайди. Олимлар ундаги қон томирларини кенгайтирувчи аргинин моддаси меъёрида истеъмол қилинганида қон томирлари фаолиятини яхшилашини, фолий кислотаси юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришини, холин моддаси мияга ацетилхолин синтезида ёрдам беришини ҳам аниқлаган.
Айни пайтда вилоятда бир дона тухум ўртача 1 минг 200, 1 минг 500 сўмдан харид қилинмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири