Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда
09:25 / 2021-10-04

Республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий марказининг Сурхондарё вилояти филиали шифокорлари Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти кардиожарроҳлари ҳамкорлигида энг мураккаб қон томирларини стендлаш амалиётини ўтказмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация жорий йил август ойида Россия Федерациясига сафари чоғида Новосибирск шаҳридаги Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институтида бўлиб, мазкур муассаса фаолияти билан танишган эди. Сафар доирасида Сурхондарёда кардиохирургияни ривожлантириш юзасидан тегишли шартнома имзоланган.

– Ушбу шартномага мувофиқ, биз Сурхондарё вилоятида кардиохирургияни ривожлантиришга яқиндан кўмаклашамиз, – дейди Новосибирск шаҳридаги Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти кардиожарроҳи Виталий Байструков. –  Мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳамкорликда амалга оширамиз. Соҳа мутахассисларини ўқитиб, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўймоқдамиз. Дастлабки ҳамкорлигимиз ҳақида шуни айта оламанки, маҳаллий шифокорлар билан бирга амалга ошираётган юқори технологияли жарроҳлик амалиётларимиз муваффақиятли ўтмоқда. Улар билан ишлаш бизга завқ улашаётир. Тиббиёт ҳамшираларининг хизмати ҳам юқори даражада. Жарроҳлик амалиётини ўташ учун етарли шароит ва имконият бор. Беморларни дори-дармон билан таъминлаш яхши йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда яқин йилларгача кардиология соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш ноёб ҳодиса ҳисобланиб, кўплаб беморлар юрак, қон-томир касаллиги билан боғлиқ амалиётни хорижда ўтказиш истагини билдирар эди. Сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътибор бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини маҳаллий шароитда муваффақиятли ўтказишга қулай шароит, кенг имконият яратди. Эндиликда барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишларини вилоятнинг ўзида амалга ошириш оддий ҳодисага айланмоқда. Бу юрак, қон-томир касалликларидан азият чекаётган беморлар учун қатор қулайликларни яратгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

– Шифохонага нафас олганда кўкрак соҳасида санчиқли оғриқ, нафас олиш етишмовчилиги, тез ҳолсизланиш аломатлари билан келган эдим, – дейди музработлик Ф. Ҳасанова. – Жарроҳлик амалиётидан сўнг ўзимни жуда яхши ҳис этаяпман. Оғриқлардан фориғ бўлдим. Анча тетикман. Соғлигимиз ҳақида қайғуриб, тиббиёт муассасаларида беморларга шундай шароит яратаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Илоҳим юртимиз тинч, тўкин, шифокорларимизнинг қўли енгил бўлаверсин.

Мутахассисларнинг фикрича, айрим юрак, қон-томир касалликларини ёпиқ йўл билан жарроҳлик амалиёти орқали даволаш мумкин. Бироқ, юрак клапанлари билан боғлиқ мураккаб патологияларни фақат очиқ жарроҳлик усули билан бартараф этса бўлади. Бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун қўшимча замонавий тиббий шароит ва малакали мутахассислар ҳамкорлиги талаб этилади.  

Айни пайтда республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий марказининг Сурхондарё вилояти филиалида очиқ усулдаги ана шундай кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун зарур шароитларни яратиш юзасидан Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти билан тегишли келишувга эришилди. Бу келишув Сурхондарёда  юрак, қон-томир касаллигига чалинган инсонлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратади. Маҳаллий шароитда юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини ишончли ўтказиш кўникмасини мустаҳкамлайди.

 Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА