Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти Кенгашининг IX ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Сайфулла Аҳмедов, касаба уюшмалари тизимидаги фаоллар, делегатлар иштирок этди.
Тадбирда меҳмон сифатида Тожикистон Мустақил Касаба уюшмалари Федерациясининг Хатлон вилояти Кенгаши раиси Ризозода Абдурозиқ Шариф бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди.
Ҳисобот ва амалий ишлар таҳлилига бағишланган конференцияда 2020–2025 йилларда вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тингланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов 2020-2025 йилларда кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
[gallery-24408]
Таъкидланишича, ҳисобот даврида ташкилотга 2689 та мурожаат келиб тушган, уларнинг 981 таси қаноатлантирилган, 376 таси рад қилинган, 1116 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган, 148 таси тегишлилигича бошқа органларга юборилган, 46 таси такрорий бўлганлиги сабабли кўрилмаган.
2021-2024 йилларда «Аёллар дафтари»нинг 5 та босқичига вилоятда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда ёрдамга муҳтож жами 234 минг 228 нафар хотин-қиз киритилиб, уларга 340,9 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилган. Жорий йилда ҳам дафтарнинг 6-босқичида воҳанинг 70 минг 979 нафар хотин-қизи ушбу рўйхатга киритилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Шунингдек, ҳисоботда келтирилганидек, кейинги беш йилда воҳада 180 ўринли "Хўжаипок" ва 50 ўринли "Сангардак" дам олиш маскани, 200 ўринли "Сангардак" санаторийси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Бойсун туманидаги "Омонхона" санаторийсини кенгайтириш бўйича янги қурилишлар бошланди.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси ва ўринбосарлигига номзодлар кўрсатилиб, белгиланган тартиб асосида сайлов ўтказилди.
Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда амалдаги раис Абдукарим Аҳмедов яна 5 йил муддатга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси вазифасига сайланди.
Ҳисобот-сайлов конференцияси давомида кенгашнинг келгуси беш йилликдаги фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА