Камбағалликдан фаровонлик сари
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор инсонларнинг турмуш даражасини ошириб, уларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятида дастур жорий этилган ўтган йили 68 минг 800 камбағал оила қайд этилган. Вилоятнинг камбағаллик даражаси 10,5 фоизни ташкил этган. Воҳани камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш учун аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбир белгиланиб, йил давомида уларнинг турмушини ўзгартиришга кўмаклашиш учун 8 минг 771 та камбағал оилага 1 минг 754 нафар вилоят, туман, шаҳар даражасидаги раҳбар, 94 салоҳиятли тадбиркор бириктирилди. Камбағал оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, зарур ёрдам кўрсатилди. Йил якунида 11 минг 300 оила камбағалликдан чиқарилиб, вилоятнинг камбағаллик даражаси 7,9 фоизга тушди.
Маълумотларга кўра, жорий йилда 24 минг оилани камбағалликдан чиқариб, воҳанинг камбағаллик даражасини 4,9 фоизга тушириш режалаштирилган. Бунинг учун белгилаб олинган “индивидуал режалар” асосида 13 минг 919 та оила ёки 63 минг 400 аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилган 152 мингта хизмат кўрсатилиб, оила аъзоларининг 33 минг 800 нафари доимий ишга жойлаштирилди. 3 минг 600 нафарига имтиёзли кредит ва субсидия ажратилди. 20 минг 800 нафари тадбиркорликка жалб этилиб, 1 минг 960 нафари касб-ҳунарга ўқитилди.

Айни пайтда камбағал оилаларга бириктирилган 1 минг 754 нафар раҳбар ва ўринбосари 31 минг 802 та камбағал оила аъзоларига кўмак бериб, турли хизмат кўрсатаётир. Жумладан, йилнинг ўтган даврида улар 8 минг 383 оилага 14 миллиард 800 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 4 минг 624 оилага 10 миллиард 100 миллион сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари, 255 оилага 576 бош қорамол, қўй ва эчки, 914 оилага 13 минг бош парранда олиб берди. 2 минг 95 оила 277 миллион сўмлик ҳар хил иссиқ кийим-кечак билан таъминланди. 1 минг 710 оилага 6 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланиб, уй-жойи таъмирланди.
Мутахассисларнинг айтишича, бу йил белгилаб олинган “Индивидуал режа” асосида иккинчи ярим йилликда камбағалликдан чиқариладиган оилалар аъзоларининг турмуш шароитини яхшилаш учун 1 минг 200 нафари доимий ишга жойлаштирилмоқда. 1 минг 50 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилаётир. 3 минг 500 нафарини ўзини-ўзи банд қилишга ёрдам берилмоқда.14 минг нафарига ссуда ва субсидия, 2 минг 500 нафарига имтиёзли кредит ажратилмоқда. Бу ишларнинг амалга оширилиши натижасида воҳадаги 59 минг киши камбағалликдан чиқариб, камбағаллик даражаси 4,9 фоизга туширилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга мувофиқ жорий йилда вилоятда 77 та энг оғир аҳволдаги маҳалла танлаб олиниб, инфратузилмасини яхшилаш дастури доирасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун томорқа ерларнинг суғориш тизими яхшиланмоқда. Одамларнинг обод маҳалладаги файзли хонадонда яшаши учун зарур шароит яратилаётир. Барқарор электр энергияси ва оптик толали интернет тармоғи билан таъминланмоқда. Ички йўллар таъмирланаётир. Тўртта маҳаллада “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” мезонлари жорий этилиб, қиёфаси тубдан ўзгартирилмоқда. Бунинг учун 77 та энг оғир аҳволдаги маҳаллага 256 миллиард сўмдан ортиқ, тўртта маҳалланинг ҳар бирига уч миллиард сўмдан маблағ ажратилган. Бу ишларни белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадон, кўча ва инфратузилма объектлари хатловдан ўтказилди. Маҳаллаларга республика даражасидаги раҳбар ва ўринбосарлари, вилоят ҳамда туман, шаҳар идора ва ташкилот, муассасалари мутасаддилари бириктирилиб, етарли маблағ ажратилган. Масалан, танлаб олинган оғир аҳволдаги маҳаллаларнинг электр энергияси ва интернет тармоғи сифатини яхшилаш, кенг, равон йўллар барпо этиш ҳамда бошқа инфратузилмаларни ривожлантиришга 151,6 миллиард сўм йўналтирилган. Суғориш тизимларини яхшилаш учун 104 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, 23 та насос, 88 та суғориш қудуғи, 50,4 километр қувурли тармоқ тортиш, 24,4 километр лоток ўрнатиш ва 122,3 километр масофадаги ариқни бетонлаш учун харажат қилинмоқда.
Олтинсой туманида танлаб олинган энг оғир аҳволдаги Карсаган, Шохча, Тоғай Мурод, Баркамол авлод ва Чинор маҳаллалари учун 16 миллиард 496 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Чинор маҳалласидаги 735 оиладан 115 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган.
Боғдорчилик-узумчилик билан шуғулланадиган маҳаллада дастур асосида бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қарийб бир километр ариқ бетон қилинди. Уч километр сув тармоғи тортилиб, аҳоли томорқасини ишончли оби-ҳаёт билан таъминлашга қулай имконият бўлди.
–Оқова сув узоқ йиллардан буён одамларни ўйлантириб келаётган масала эди,–дейди меҳнат фахрийси Абдурашид Абдураззақов.– Тоғларда ёғингарчилик камайиб, томорқалар кенгаётгани сув таъминотини жиддий масалага айлантирди. Бу йил Вахшивор дарасидан қувур ётқизилиб, сув келтирилгани муаммони анча юмшатганидан одамлар хурсанд. Шунингдек, илгари ариқларда бир қисми ерга сингиб кетган сув тежалмоқда.
“Йўл харитаси”да маҳаллага битта трансформатор ўрнатиб, 4 километр масофага сим тортиш, 112 та бетон таянч, 18 та тунги ёритгич ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Бу ишлар рўёбга чиқарилса, 420 хонадоннинг электр таъминоти тубдан ўзгаради. Икки километр ички йўлнинг асфальтланиши, 1,8 километрга оптик толали кабель тортилиб, интернет тармоғи яхшиланиши ҳам тоғли ҳудуд аҳолиси учун катта қулайлик яратади.
Вилоятдаги энг оғир аҳволдаги маҳаллаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари қишлоқларда одамларнинг турмуш даражасини юксалтириб, камбағал оилаларнинг яхши даромад топиши ва ҳаётидан рози бўлиб яшашига қаратилгандир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири