Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ “Термиз” дала-ўқув майдонида “Калибр” клубининг Сурхондарё вилояти бўйича “Энг моҳир овчи” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги ва куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ҳамда клуб аъзолари иштирок этган беллашувнинг очилиш маросимида мамлакатимизда кейинги йилларда овчиларга яратилаётган шароитлар, уларнинг бой тажрибаси ва маҳоратига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Калибр” узоқ масофаларга ўқ отиш клубининг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
“Ватанпарвар” ташкилотининг республика техник ва амалий спорт турлари маркази қошида ташкил этилган клубнинг асосий мақсади ов ва узоқ масофаларга ўқ отиш спорти ҳаваскорлари, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, улар билан тажриба алмашиш, мамлакатимиз ҳудудида узоқ масофаларга ўқ отишни оммалаштиришга қаратилган.
Клуб Низомига кўра, унга фақат Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасига аъзо бўлган (қурол олиб юришга ҳақли) фуқаролар қабул қилинади. Бирлашма ниқобланиш, жойга мослашиш, ориентирланиш, қийин шароитларда яшовчанлик бўйича ўз тажриба ва кўникмаларини ҳарбий хизматчиларга ўргатиш учун маҳорат дарслари ўтиб бориши белгиланган.
Мусобақа иштирокчилари автомат ва мерганлик милтиғидан турли масофалардаги нишонларни йўқ қилиш бўйича ўзаро баҳслашди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири