Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда истиқлол шарафланмоқда
08:57 / 2025-08-06

Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан юртимизда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ташкил этилаётган умуммиллий бирдамлик фестивали Сурхондарё вилоятида юксак савияда ўтказилмоқда.

Ангор туманида бўлиб ўтган тадбирда ҳам турли соҳалар вакиллари иштирок этди. Унда истиқлол шарофати билан юртимиз йилдан йилга чирой очиб, кўп миллатли халқимизнинг тинч, обод ва фаровон турмуш кечириши учун барча шароит яратилаётгани  қайд этилди. Ангор туманида юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Туман маданият ва истироҳат боғида қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар билан бошланган фестивалда китобхонлик беллашувлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, турли спорт мусобақалари, муассаса ва ташкилотларнинг анъанавий ош сайли ташкил этилди.

Туман маданият уйида намойиш этилган концерт дастурида элимиз суйган санъаткорлар она Ватан, тинчлик, бирдамлик, осуда ва обод ҳаёт тараннум этилган куй-қўшиқларни ижро этди. Мустақиллик улуғланган шеърлар ўқилди. Фестиваль доирасида ўтказилган беллашувларда ғолиб бўлган иштирокчиларга туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири