Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда ишсиз ёшларнинг 150 нафарига раҳбарлар бириктирилди
11:45 / 2026-01-23

Мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънавий етук ёшларни тарбиялаб, камолга етказиш, уларнинг истеъдодини кенг намойиш этиши учун зарур шароитларни яратиш, бандлигини таъминлаб, жамиятда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Белгилаб олинган вазифалар ижроси доирасида вилоят ҳокими У. Қосимов туманлар ва Термиз шаҳридан таклиф этилган 150 нафар ишсиз йигит-қиз билан очиқ мулоқот ўтказди.  

Мутасадди ташкилот ва идоралар, олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этган учрашувда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларга бириктирилган раҳбарларнинг масъулиятини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.  

Мулоқот чоғида вилоят раҳбари ҳар бир ёш билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини тинглади. Элликдан ортиқ ташкилот, муассаса ва идоралар раҳбарларига бириктириб, ёшларнинг қизиқиш ва истакларини инобатга олган ҳолда касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Масалан, учрашувда Термиз шаҳридаги Юлдуз маҳалласида яшайдиган паратеннис бўйича Ўзбекистон чемпиони Бехзод Ибрагимов вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, теннис федерацияси раиси Эркин Нарманов, вилоят ижтимоий ҳимоя ҳамда вилоят спорт бошқармаси бошлиқларига бириктирилди. Эндиликда улар Беҳзоднинг паратеннисни оммалаштириши учун зарур шароитларни яратиб беради.  

– Вилоят ҳокими фикрларимни тинглагач, менга катта ишонч билдирганидан жуда қувондим, – дейди Беҳзод Ибрагимов. – Энди бириктирган раҳбарлар кўмагида спортнинг бу турини янада чуқур ўзлаштираман. Келгусида тренер бўлиб, паратеннисга қизиқиши бор тенгдошларимни спортнинг шу тури бўйича машғулотларга жалб этаман. Вилоятда паратеннисни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаман.

Вилоят раҳбари шу куни ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини инобатга олиб соҳалар кесимида тегишли мутасаддилар ва олий таълим муассасалари ректорларига қўшиб берди.

– Мақсадимиз бириктирилган ўғил-қизлар ҳаётда ўз ўрнини топиши керак, – деди вилоят ҳокими. – Рақам кетидан қувмаймиз. Ишга жойладим, деб ярим ставками, ундан ҳам камроққами буйруқ чиқариб, кўз-кўз қилмаймиз. Уларни тарбиялаш учун зарур бўлса ўзимиз билан бирга олиб юриб, иш ўргатамиз. Токи, ўз йўлини топиб кетгунича кўмаклашамиз. Ана шунда биз ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини сифатли таъминлаймиз.  

Бу ташаббуснинг аҳамиятли жиҳати шундаки, раҳбарлар бириктирилган йигит-қизлар уларнинг оталиғида иш ўрганади. Ўқиш истаги бўлганлари таълим олиб, ўзлари қизиққан касбни эгаллайди. Доимий бандлиги таъминланади.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири