Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши биносида ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили Абдуҳаким Эшмуродов жойларда сайловолди ташвиқотини бошлаши муносабати билан брифинг ўтказди.
Марказий оммавий ахборот воситаларининг ҳудуддаги вакиллари ва маҳаллий журналистлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мажлисининг жорий йил 5 июндаги қарори билан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши эълон қилингани, шунингдек, 6 июнда Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олиниб, Марказий сайлов комиссиясининг белгиланган намунадаги гувоҳномаси берилгани таъкидланди.


Ишончли вакиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради. Унинг сайланиши учун ташвиқот олиб боради. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Брифингда ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили А.Эшмуродов сайлов кампанияси давридаги вазифалари, мақсад ва амалга оширадиган ишлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури мазмун-моҳияти тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилдики, шу йил 9 июлда мамлакатимиз ҳаётида жуда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – муддатидан илгари Президент сайлови бўлиб ўтади. Унда мустақил юртимиз тарихида янги даврга асос солган, Янги Ўзбекистон меъмори – Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод сифатида иштирок этмоқда. O`zLiDeP XI Съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз дастурининг асосий йўналишлари тўғрисида маъруза қилди. Дастур бешта мақсадни қамраб олган.
Биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратишдир. Бу таълим сифатини яхшилашдан тортиб, аҳоли саломатлигини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, аёлларнинг иш шароитларини яхшилашгача қамраб олади.

Иккинчи мақсад – мамлакатимизнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган бўлиб, 2030 йилгача иқтисодиётимиз ўсиш суръатлари 2 баробар оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади.
Учинчи мақсадга кўра, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш таъминланади. Яъни 2030 йилга қадар экин майдонлари тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказилади. Далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади. Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий этилади. Сув тежайдиган технологияни қўллаган фермер ва деҳқонлар учун келгуси йилдан 10 фоизли кредит ажратилади, ўз ҳисобидан жорий қилганларга харажатнинг 50 фоизи қоплаб берилади. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофазалаш учун ҳам қатор амалий ишларга қўл урилиши назарда тутилмоқда.

– Қонун устуворлиги таъминланмаган юртда ўсиш, ривожланиш, юксалиш бўлмайди, – деди А.Эшмуродов. – Шу боис қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш тўртинчи мақсад ҳисобланади. Бешинчи мақсадда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, миллий хавфсизликни таъминлаш масаласи ўртага ташланмоқдаки, бу қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал юксалтириш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни ўз ичига олади. Қолаверса, хориждаги ватандошларимиз қўллаб-қувватланади.Улар орасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўрилади. Хавфсизлик борасида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг хавфсиз яшашини таъминлаш учун армиямизнинг мудофаа қудрати оширилиб, Миллий армиямиз 2030 йилгача энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади.
Брифингда сўнгги олти йилда мамлакатимиз хусусан, Сурхондарё вилоятида юз берган туб ўзгариш ва янгиланишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Инсон қадри учун тамойили асосидаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг бандлиги ошаётгани, соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари ислоҳ қилиниб, аёлларга муносабат, ёшларга эътибор тубдан ўзгаргани аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Пухта ўйланган ижтимоий сиёсат натижасида ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида “учта дафтар”, ижтимоий реестр тизими йўлга қўйилиб, сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди.

–Ўтган йиллар партиямизнинг электорати бўлган тадбиркорлар, фермерлар учун ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди, – деди ишончли вакил. –Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилинди. Асоссиз текширувларга чек қўйилди. Экспортёрлар рағбатлантирилиб, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Бу ишлар охирги олти йилда тадбиркорлар сафини олти баробарга кўпайтириб, улар сонини икки миллиондан оширди. Кейинги 6-7 йилда Сурхон воҳасида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга туширилди. Янги қурилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро гидроэлектр станцияларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, 257 мактаб қурилди ва реконструкция қилинди. Боғчалар қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етди. 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўл таъмирланди. Бу вилоятда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларнинг бир қисми, холос. Чунки, бундай улуғвор ишларни яна кўплаб мисол келтириш мумкин.
Брифингда А.Эшмуродов ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили сифатидаги фаолиятини бошлаганини маълум қилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА