Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида етиштирилган қовун таркибида нитрат миқдори меъёридан кўплиги учун уни истеъмол қилган инсонлар заҳарланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, воҳадаги барча деҳқон ва озиқ-овқат бозорларида полиз маҳсулотлари, шу жумладан, қовунлар доимий ветеринария-санитария лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, улардаги нитрат миқдори белгиланган санитария меъёрларига мувофиқ деб топилса савдога чиқаришга рухсат берилмоқда.
Шунингдек, ҳозиргача вилоятдаги бирор тиббиёт муассасасига қовун истеъмолидан заҳарланиш билан мурожаат этилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳалардаги қовун навларининг Сурхондарё вилоятида парваришланадиган маҳсулотлар турига алоқаси йўқ. Деҳқонлар сифатли, талабга жавоб берадиган қовун навларини етиштириб, маҳаллий бозорларга етказиб бермоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутасаддилари аҳолидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган норасмий ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни, ахборотларни фақат расмий манбалар орқали олишни тавсия этди. Жумладан, қовундан заҳарланиш билан боғлиқ тарқалган видеолавҳалар ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва мутлақо ёлғон эканини маълум қилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири