Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида "Илм–саодат калити!" шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўқувчи-ёшларнинг қадрдон мактаблари билан хайрлашув маросимларида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, нуронийлар, таълим муассасалари битирувчилари қатнашди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги 16- мактабда ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб, Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари битирувчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Мактабни тугатаётган ўғил-қизларни табриклаб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига муваффақият тилади.
Жорий ўқув йилида Сурхондарё вилоятидаги 983 та мактабни 81 минг 71 нафар 9-11-синф ўқувчиси тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олмоқда. Уларнинг 47 минг 982 нафари 9-синф, 33 минг 89 нафари 11-синф битирувчиларидир. Таълим даргоҳларини 11-синф битирувчиларининг 590 нафари олтин, 129 нафари кумуш медаль билан якунламоқда.
Тадбирда 2022-2023-ўқув йилида намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланди. Одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, ўқув йилида халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган Термиз шаҳридаги умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ ўқувчиларига вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири