Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда ҳам округ комиссияси иш бошлади
17:56 / 2023-03-27

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Округ комиссияси раиси Абдусалом Хўжақулов бошқариб борган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Сенатининг 14 мартдаги қарорларига кўра, жорий йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилиши таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 16 март куни ўтказилган мажлисида референдумни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараси доирасида 14 та референдум округи тузиш тўғрисида қарор қабул қилингани қайд этилди.  

Таъкидландики, референдумга оид қонунчиликка кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсияси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланди. Шунга мувофиқ Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9- Сурхондарё округ комиссияси аъзолигига номзодлар тавсия этилган. Сессияда сайлов ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда етарли иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор топган фуқаролар орасидан 21 нафар аъзо ва улар орасидан комиссия раиси, ўринбосари, котиби маъқулланган эди.

Округ комиссиясининг дастлабки йиғилишида комиссия аъзолари кун тартибидаги ташкилий масалаларни кўриб чиқди. Унда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси тасдиқланди. Комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимланиб, референдумга тайёргарлик кўриш даврида округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвали белгиланди. Округ комиссияси аъзоларининг вазифалар тақсимоти, иш ҳужжатлари номенклатураси, округ комиссияси айрим аъзоларини референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш каби муҳим масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссияси раиси ўринбосари Расул Тўраев, комиссия котиби Зебинисо Алимардонова, комиссия аъзоси Чори Қурбонов ва бошқалар комиссиялар аьзолари учун пойтахтимизда ўтказилган семинар машғулотлари мазмун-моҳияти, календар режада белгиланган ишларни ўз муддатида бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш, барча ишларда сифат кўрсаткичини таъминлаш сингари масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди. Округ комиссияси аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири