Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Президент совғаси ва пул мукофоти етказилди
11:42 / 2023-05-08

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилоятида Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига алоҳида иззат–икром кўрсатилиб, уларнинг жанг майдонларидаги жасоратлари ва урушдан кейинги йиллардаги мардонавор меҳнатлари шарафланмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари жанубдаги вилоятдан 53 минг 365 нафар мард, ботир ўғлон фронтга жўнатилган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Шу кунларда вилоятда тинч, тўкин умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчиларига чуқур эҳтиром кўрсатилиб, жангу жадалларда ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинмоқда.  

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан элимиз ардоғидаги пиру бадавлат отахонлар хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Отахонлар ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан муборакбод этди. Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари фармонига асосан бир марталик 18 миллион сўм пул мукофоти ва бошқа қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.  

Қумқўрғон туманидаги Мунчоқтепа маҳалласида яшайдиган Ҳайит бобо Мусаев бу йил муборак 100 ёш билан юзлашди. Отахоннинг билаги кучга тўлган ёшлик даври инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушга тўғри келди. 19 ёшида урушга отланган Ҳайит Мусаев 21 ёшида яраланиб, Ватанга қайтиб келди. Жанг-жадалларда жасорат кўрсатган отахон мактабда ўқувчиларга сабоқ бериб, юрт келажаги учун меҳнат қилди. Очарчилик йилларини бошдан ўтказди.  

Байрам муносабати билан табаррук отахон хонадони меҳмонлар билан янада гавжум бўлди. Президентимиз табрикларини эътибор билан эшитиб, совғаларини қабул қилиб олган Ҳайит бобо Мусаев кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Янги Ўзбекистонга тинчлик–тотувлик, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бардавомлик, ёш авлодга бахту саодат тилаб, дуога қўл очди.  

Вилоятнинг Шўрчи туманида икки нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси фарзандлари, невара-чеваралари қуршовида тўкин ҳаёт кечирмоқда. Бу йил Оқтумшуқ маҳалласида яшайдиган Раҳмонберди Мирзараҳимов 97, Хўшчека маҳалласида истиқомат қиладиган Оқбой Шоймардонов 98 ёшни қарши олди.  

Вилоят ҳокимининг секторлар раҳбарлари, ҳарбийлар, маҳаллалар фаоллари ва ёшлар билан уларни табриклаш учун келган отахонларга бир олам қувонч улашди. Дориломон тинч, обод ва озод Ватанда фаровон яшаётганидан фахр ҳиссини юксалтирди. Уруш даҳшатлари ва урушдан кейинги оғир йилларни кўз олдида қайта гавдалантирди.  

–Тинчликнинг, тўкинликнинг қадрига етиш керак. Биз урушда бўлиб, замонни тинч қилиш учун кўргилигимизни кўрдик, – дейди Оқбой бобо. –Кўкрагимизни ўққа тутдик. Урушдан кейинги очарчилик йилларида бир бурда нонни соғиниб яшадик. Илоҳим, Ватанимиз ҳамиша ҳозиргидек осуда, дастурхонларимиз тўкин бўлаверсин. Кексаларга умр, ёшларга бахт берсин. Сўнгги йилларда кўрсатилаётган эътибор ёшимизга ёш қўшиб, танамизга қувват бўлмоқда. Президентимиз табриклари ва совғаларидан бошимиз осмонга етгудек бўлмоқда. Бундай обод ҳаёт ва ғамхўрликлар учун ҳар тонг мамлакатимизга тинчлик, юртимизга ободлик, ёшларнинг бахту камолини сўраб, дуо қилмоқдамиз.  

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 78 йиллигини нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилган шу кунларда отахон фарзандлари, 50 дан ортиқ невара, 30 дан зиёд чевара ва ўндан ортиқ эваралари қуршовида шод-хуррам турмуш кечираётир. Айни пайтда воҳада 8 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшамоқда. Жорий йилда уларнинг бир нафари табаррук 101 ёшини нишонлади. Икки нафари юз ёш билан юзлашди. Бир нафари 99, уч нафари 98 ва бир нафари 97 ёшга тўлди.  

Вилоятда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири