Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда ғалла ўрим-йиғими давом этмоқда
14:18 / 2023-06-02

Сурхондарё вилояти ғаллакорлари бу йил 89 минг 325 гектар майдонда бошоқли дон етиштириб, мўл ҳосил тўплади. Айни кунларда далаларда пишиб етилган дон 280 дан ортиқ замонавий комбайн ёрдамида ўриб-йиғиб олинмоқда.

Ғаллани исроф қилмай йиғиштириб олиш учун 141  ўрим-йиғим отряди ташкил этилиб, комбайнчи ва бошқа ишчиларга барча шароитлар яратилган. Қабул шохобчаларига Ангор тумани деҳқонлари 9 минг 171 тонна, Бандихонлик ғаллакорлар 13 минг 520 тонна сара дон топшириб, йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Қизириқлик ғаллакорлар 23 минг 437 тонна, музработликлар 23 минг 609 тонна, Термиз тумани миришкорлари 5 минг 809 тонналик хирмон бунёд этди.  

Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, дон топшириш режасини бажарган туманларда ўртача ҳосилдорлик 77-80 центнерни ташкил этди. Энг илғор фермер хўжаликлари ҳар гектар майдондан 100 центнергача ҳосил йиғиб олди.  

– Бу йил 35,2 гектар майдонда ғалланинг “Алексеевич” навини парваришлаб, салмоқли ҳосил олдик, – дейди Ангор туманидаги “Икки дўст Сурхон Ангор” фермер хўжалиги раҳбари Ҳасан Муқимов. – Хирмон сувдан кўтарилганда ҳар гектаридан 100 центнердан дон йиғиб олдик. Режадан ортиқ етиштирилган 100 тоннадан зиёд дон хўжалигимиз ихтиёрида қолди. Туманнинг биринчилардан бўлиб, бошоқли дон топшириш режасини бажаришга муносиб ҳисса қўшганимиз ва меҳнатимиз муносиб рағбатлантирилганидан хурсандмиз. Бугун вилоят ҳокими У.Қосимов белгиланган режани мамлакатимизда биринчи бўлиб бажарган олтита илғор туманнинг сектор ва кластерлар, энг кўп ҳосил олган фермер хўжаликлари раҳбарларини эришилган ютуқ билан табриклаб, самарали меҳнати учун миннатдорлик билдирди. Совғалар топширди. 

 

Вилоят ғаллакорларининг 685 минг тонналик улкан хирмонни қисқа кунларда бунёд этиш учун далаларда ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА