Сурхондарёда ер сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушди
Термиз шаҳридаги Дўстлик маҳалласида яшовчи У.Қоқилдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Термиз тумани ҳудудидаги хусусий корхонага хўжалик юритиш учун ажратилган 5,5 гектар ер майдонини сотиб, ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун фирибгарлик йўли билан 285 миллион сўм талаб қилган.
Жарқўрғон тумани Нурли диёр маҳалласида яшовчи Д.Сардор бу ҳақbда Сурхондарё вилоятb ички ишлар бошқармасига мурожаат этгач, вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси ходимлари тегишли тадбир ўтказиб, ғайриқонуний бу ҳаракатга чек қўйди.
У.Қоқилдиев жарқўрғонлик харидордан талаб қилинган пулнинг 100 миллион сўмини олаётган вақтида тадбир иштирокчилари қўлига тушди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири