Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда буюк аллома юбилейига пухта ҳозирлик кўрилмоқда
08:45 / 2024-10-11

Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказиладиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган нуфузли илмий анжуманга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. 

– Анжуманда юртимизда кўзга кўринган исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчиларимиз билан бирга дунёнинг ўнга яқин мамлакати, жумладан, Туркия, Қатар, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қирғизистон каби давлатлардан 50 дан ортиқ таниқли олим ва уламолар ўз маърузалари билан иштирок этиши кутилмоқда, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, юбилей фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита котиби Музаффархон Жониев. – Бу дунёда муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, юртдошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганишга қизиқиш, интилиш кучлилигидан далолат бермоқда. Иккинчидан, беназир олимимизнинг юбилейларини кенг нишонлаш халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида ул зотнинг нодир асарларини янада кўпроқ тарғиб этиш, олиб борилаётган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиб, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда. 

Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя”, “Сунани Термизий” каби нодир асарлари қадри бизнинг давримизда ҳам ошиб бормоқда. Дунёда глобаллашув жараёнлари кечаётган ҳозирги пайтда инсонни, айниқса, ёш авлодни ҳалол, покиза, иймон-эътиқодли, раҳм-шафқатли, ота-она ва теварак-атрофга меҳр-муҳаббатли, эътиборли каби юксак фазилатлар соҳиби бўлишга даъват этиши билан муҳим аҳамият касб этаётир. Юбилей муносабати билан улуғ олим асарлари мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржимаси ҳамда шарҳи нашр этилмоқда. 

Халқаро илмий-амалий анжуман тўртта шуъбада бўлиб ўтади. Унда Имом Термизий ва Ҳаким Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси, уларнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни, Имом Термизийнинг “Сунан” номли асарининг ўзига хос жиҳатлари, Термизий алломалар илмий мероси ҳамда уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти сингари мавзуларда қизиқарли маърузалар тингланиб, муҳокама этилади. 

Халқаро илмий-амалий анжуман якунида декларация қабул қилиш, анжуман натижаларини тўплам шаклида нашр этиш кутилмоқда. 

– Имом Термизий ва Термизий алломалар илмий меросининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти халқаро илмий анжуман учун илмий ва амалий платформа бўлиб хизмат қилади, – дея суҳбатни давом эттиради Музаффархон Жониев. – Халқаро анжуманнинг биринчи куни ялпи йиғилиш ва шуъбаларда маърузалар бўлиб ўтади. Иккинчи кун анжуман иштирокчиларининг Имом Термизий ва Ҳаким Термизий мажмуаларига, Сурхондарё вилоятининг диққатга сазовор қадамжоларига ташрифи кўзда тутилган. Уни юқори савияда ўтказиш ва иштирокчиларга барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк аждодларимиз мангу қўним топган сокин гўшаларга олиб борувчи йўл бўйлари ободонлаштирилди. Мажмуалар атрофи тартибга келтирилди. 

Вилоятда нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири