Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – эркин ва фаровон ҳаёт гарови” шиори остида ташкил этилган байрам тадбирида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли олимлар, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Янгиланган Конституция Президентимиз ташаббуси билан бошланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори экани таъкидланди. Тарихимизда илк бор барча устувор қоидалари тўғридан-тўғри қўлланадиган, инсон қадри, адолат ва қонунийлик принципларини таъминлайдиган мукаммал Конституцияга эга бўлингани қайд этилди.

Асосий қонунимизда белгилаб берилган ҳуқуқ ва нормаларга мувофиқ Сурхондарё вилояти ҳам иқтисодий-ижтимоий юксалиш йўлида далил одимлаб, ҳар тарафлама ривожланаётган воҳага айланмоқда. Жумладан, ўтган етти йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми уч баробарга ошиб, аҳоли жон бошига саноат ишлаб чиқариш 5,4 баробарга, хизмат кўрсатиш 5,5 баробарга етди. Аҳоли жон бошига реал даромад 2017 йилдаги 5,7 миллион сўмдан ўтган йил якунида 16,2 миллион сўмга ёки 2,9 баробарга ўсди. Жорий йилнинг 9 ойида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 106 фоизни ташкил этиб, 12,8 триллион сўмлик саноат, 30 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарилди. 10,9 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 24,2 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди.


Воҳага саккиз йилда 2,2 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция киритилиб, тўрт мингдан ортиқ саноат корхонаси ишга тушди. Чарм, фармацевтика, заргарлик, керамика буюмлари, сендвич панеллар, бўялган мато каби янги йўналишларда маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий соҳалар ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар тайёрлаган мавзули кўргазма ва қўлланмалар намойиш этилди.
Тантанали тадбир санъаткорларнинг Ватанга муҳаббат, тинч-тўкин, эркин ҳаёт ва бағрикенглик тараннум этилган куй-қўшиқлари билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири