Сурхондарё вилоятида ҳам абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларини топширмоқда.
Вилоятдаги 6 та олий таълим муассасасига янги 2021/2022 ўқув йили учун 74 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган. Пандемия шароитида тест синовлари Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадиони, “Сурхон” спорт мажмуаси, Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг футбол майдони ва Денов тадбиркорлик ва педагогика институти футбол майдонларида ўтказилмоқда.
Тест синовларини очиқ, ошкора ва холис ўтказиш учун имтиҳон жойлари карантин талаблари асосида ижтимоий масофага риоя этилган ҳолда жиҳозланиб, барча шароитлар яратилди.
“Алпомиш” стадионида бир сменада 1 минг 200 йигит-қиз тест синовларини топширмоқда. Абитуриентлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома билан имтиҳон ўтказиладиган майдонга ҳарорати ўлчанган ҳолда киритилди. Уларнинг шахсини тасдиқлаб киритишда шахсни идентификациялаш воситаси – бармоқ изи сканеридан фойдаланилди. Бу ҳам тестнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тест синовлари икки сменада ташкил этилмоқда. Ҳар бир сменада вилоят бўйича жами 4 минг 380 нафар абитуриент ўз билимини синовдан ўтказади.
[gallery-3294]