English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда бир кунда 500 оила янги уйли бўлди
11:44 / 2023-05-10

Бойсун туманидаги Мустақиллик маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 200 хонадонга мўлжалланган ўнта беш қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Замонавий усулда қурилган кўп қаватли уйларда зарур инфратузилма барпо этилган. Энергия тежамкор воситалар, қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситгичлари билан жиҳозланган. Янги уйлардан 4 оилага ижтимоий уй-жойнинг калити берилди. Массивдаги арзон ва шинам хонадонларга эгалик қилаётганлардан боқувчисини йўқотган, уй-жойга муҳтож, “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестрига киритилган 17 оиланинг бошланғич тўловлари ҳомийлик асосида тўлаб берилди. Яна бошланғич тўловлари қоплаб берилган 28 та турар-жойга муҳтож оила яқин кунларда янги хонадонларга кўчиб ўтади.  

– Янги уйли бўлганимиздан қувончимиз чексиз, – дейди Ариқ усти маҳалласилик Ҳафиза Жабборова. – Хоналар замонавий усулда жиҳозланган. Яшаш шароитимиз эътиборга олиниб, хонадоннинг бошланғич тўлови тўлаб берилгани биз учун катта ёрдам бўлди. Бунинг учун биз, аёлларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, ижтимоий ҳимоя қилаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Шу куни Ангор туманидаги Шарқ гули маҳалласи ҳудудида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам 300 оилага мўлжалланган 15 та беш қаватли уйни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Аҳолининг осуда, фаровон турмуш кечириши учун барча қулайликларга эга 11 гектар майдонда бунёд этилаётган массивда лойиҳа қиймати 6 миллиард 300 миллион сўмлик давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам ишга туширилди.  

Янги массивда яшайдиган аҳоли фарзандлари учун барпо этилган 180 ўринли мактабгача таълим ташкилотида болажонларга барча қулайлик яратилган. “Янги Ўзбекистон” массивларидаги янги иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимларида Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов иштирок этди.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири