Мамлакатимизда “Ўзбекистон – бағри кенг диёр” шиори остида ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” Сурхондарё вилоятида ҳам миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва дўстлик ришталарини намойиш этмоқда.
Ҳафталик доирасида давра суҳбатлари, миллий маданият марказлари кўргазмалари, турли миллат ва элат вакиллари иштирокидаги концерт дастурлари, бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни янада кучайтириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, умуммиллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор тараннум этилмоқда.

Жанубдаги воҳада ўттиздан ортиқ миллат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил, иноқ ҳаёт кечирмоқда. Улар Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлардан ғурурланиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Вилоятда фаолият юритаётган рус, тожик, туркман миллий маданий марказлари ҳудудларда миллатлараро тотувлик ва ўзаро хамжиҳатликни таъминлаб, миллий қадрият ва анъаналарини кенг намойиш этиши учун барча шароит мавжуд.
Олтинсой туман ҳокимлиги, республика Дин ишлари бўйича қўмитасининг туман вакиллиги, туман маданият, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир ҳам жонажон Ватанимиз барча миллат ва элат вакиллари учун бағрикенг, тинч, тўкин, обод гўша эканини кенг намоён этди.

Туманда яшаётган турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва дўстлик байрамига айланган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар мамлакатни янги босқичда ривожлантиришда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Юртимиздаги дўстлик ва бирдамлик муҳити тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтираётгани қайд этилди.

Тадбирда Олтинсой туман маданият бўлими санъаткорлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ёш ижрочилари ўзбек, тожик, рус ҳамда бошқа қардош халқлар тилларида қўшиқлар, сержило рақслар ижро этди. Ялла ва лапарлар куйланди.

– Таълим муассасамизда ўқиётган ўғил-қизлар турли халқлар санъати, чолғулари, қўшиқ ва рақсларини ўрганади, – дейди 18-мусиқа ва санъат мактаби директори Олимжон Маматқулов. – Зеро, барча миллат ва элатларни бирлаштириб, дилларни яқинлаштиришда санъат бебаҳо кўприк вазифасини ҳам бажаради. Миллатлараро тотувлик ва баҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил бўлади. Туманимизда яшайдиган турли миллат вакиллари қатнашган тадбирда ўқувчиларимиз ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар барчанинг олқишига сазовор бўлганидан қувондик.

Тадбирда бир гуруҳ ташкилотчи ва фаол иштирокчиларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА