Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда атмосфера ҳавоси тозалигини таъминлаш назоратда
15:51 / 2025-11-25

Сурхондарё вилояти экология, иқлим ўзгариши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоят ички ишлар ва Миллий гвардия вилоят бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Термиз шаҳрида атмосфера ҳавосини зарарли ташламалардан ҳимоя қилишга қаратилган профилактик рейд тадбири ташкил этди.

Куз фаслининг ёғингарчиликсиз, қуруқ келиши чанг зарраларини кўтариб, теварак-атроф ҳавосини ифлослантираётир. Ҳаво оқимлари атмосферанинг қуйи қисмига ўз таъсирини ўтказмоқда. Оқибатда майда заррачалар инсон соғлигига ҳам таъсир этиши эҳтимолдан ҳоли эмас. 

Шу боис вилоятда чанг ва майда заррачалари атмосферага кўтарилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўлларга махсус техникалар ёрдамида пешма-пеш сув сепилиб, дарахтлар ювилмоқда. Яшил майдонлар суғориляпти. 

Воҳа марказида ўтказилган тадбирда шаҳар ҳудудидаги ресторан, кафе ва бошқа жойларда хизмат кўрсатаётган кабобхоналар кўздан кечирилди. Уларнинг тутун фильтрлари, дуд чиқариш тизимлари, санитария ҳолати талабга жавоб бериши ўрганилди. Тадбиркорларга тутун фильтрлари самарадорлигини ошириш, чиқинди газларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, соғлом экологик муҳитни сақлаш юзасидан тавсиялар берилди. 

Табиат жонкуярлари, шунингдек, Термиз шаҳри ва туманларда бажарилаётган қурилиш ишларида экологик меъёрларга амал қилинишини ҳам ўрганмоқда. Бу жараёнда қурилиш майдонларида чанг кўтарилишининг олдини олиш, атмосфера ҳавосига зарар етказмаслик,  ишларни хавфсиз ва экологик талабларга мос ташкил этиш масалалари атрофлича тушунтирилмоқда. Талабни бузган ёки етарли чора кўрмаган қурувчилар огоҳлантирилиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича кўрсатма берилмоқда. 

Вилоятда теварак-атроф ҳавосини зарарли ташламалардан ҳимоя қилишга йўналтирилган мониторинг ишлари давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири