Сурхондарё вилоятида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали бўй кўрсатиб турган муаззам майдон ҳам эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, ёзувчи, шоирлар, талаба ҳамда ўқувчилар билан гавжум бўлди.
Бу ерда сўз мулкининг султони таваллуд топган кун муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари И.Сапаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Алламуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, Алишер Навоийнинг ҳаёти, бой маданий мероси ҳамда уларнинг бугунги кундаги қадр-қиммати хусусида атрофлича фикр юритди.
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида муҳим ўрин тутади.
Юксак умуминсоний ғояларини тараннум этган улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан кенг намоён этиб, сайёрамиздаги китоб мухлислари қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ҳар йили адиб таваллуд топган кунни кенг нишонлаш ажойиб анъанага айланди.
–Буюк бобомиз ўз асарларида инсон қадр-қимматини улуғлаб, ўзлигини англашга ундаган шоирлар султонидир, – дейди Термиз давлат университети ўқитувчиси Ботир Оқбўтаев. – Зеро, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда жорий йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани ҳам Алишер Навоий илгари сурган ғояларнинг фаровон, адолатли, маърифатли жамият барпо этишда инсон қадрини улуғлаш муҳим ўрин тутишини кенг намоён этмоқда. Шу боис ҳам Ҳазрат Навоийнинг асарларини шунчаки ўқиш ёки ғазал ва рубоийларини шунчаки ёдлаш эмас, балки уларнинг мазмун-моҳиятини теран англаб, унга амал қилиш жамиятни тараққиёт сари етаклайди.
–Мен бобокалонимиз Мир Алишер Навоий туғилиб, камолга етган гўшада яшайман, – дейди Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Муҳаммадий Бекмуҳаммад. – Ул зот барпо этган кўприкларда юриб, улғайганман. Улуғ аждодимиз ҳақида сўз юритилганда, унинг нафақат буюк шоир, балки кучли сиёсатчи, давлат арбоби бўлгани ҳар доим дунё аҳли эътиборини тортиб келган. Туркий халқлар эса Навоийни “шамс ул миллат” яъни, миллат қуёши, дея таърифлайди. Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан Термиз туманида бунёд этилган ва минглаб афғон ёшларига маърифат улашаётган таълим марказимизда Навоий асарларини янада чуқур ўрганиш бахтига эришганимиздан беҳад мамнунмиз.
Тадбир иштирокчилари Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ул зотга ҳурмат бажо келтирди. Нафис ғазаллари асосида яратилган куй-қўшиқлар ижро этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА