Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ташкил этилган 7 та эмлаш пунктида коронавирус инфекциясига қарши эмланиш истагида келаётган фуқаролар сони ортмоқда.
Жорий йилнинг 1-4 апрель кунлари турли ёшдаги 535 нафар шахслар эмланган бўлса, 5 апрелда 911 нафар фуқаро ўз истагига кўра AstraZeneca ҳамда ZF-UZ-VAC2001 вакциналаридан бирини танлаб, вакцинация қилинди.
[gallery-1946]
– Мен Ўзбекистон ва Хитой олимлари томонидан яратилган вакцинани танладим, – дейди Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи 70 ёшли фуқаро Холмурод ота Қиличев.
– Эмлангач, ўзимни яхши ҳис этдим. Эмланишдан аввал шифокорлар назоратидан ўтдим. Энди анча хотиржамман. Ихлос – халос деганларидек, насиб бўлса, бу вирусдан йироқ, соғ-омон бўлишимга ишонаман. Бизнинг саломатлигимизни ўйлаб яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун Президентимизга ва заҳматкаш шифокорларимизга раҳмат дейман.
Вилоятда 332 та эмлаш бригадаси, 77 та ҳаракатдаги мобил гуруҳи, 1501 нафар малакали мутахассис ҳамда 130 дан зиёд автотранспорт воситаси ҳамюртларимиз саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда.
Эмлаш тадбирлари вилоят бўйлаб қизғин давом этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА