Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ишчи гуруҳи воҳада ўрнатилган қуёш панелларини мониторинг қилаётир. Ҳудудларда ўрнатилаётган муқобил энергия манбалари ҳақидаги маълумотлар “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилмоқда.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Холбоев Наманган вилояти тажрибаси асосида воҳадаги текстиль корхоналарида қуёш панелларининг ўрнатилиши билан танишди. Жумладан, Жарқўрғон туманидаги “SURXONTEKS” масъулияти чекланган жамиятида ўрнатилиб, ишга туширилган қуёш панелларини кўздан кечирди. Корхонадаги 200 кВт қувватдаги муқобил энергия манбасининг дастлабки самаралари билан танишди. Корхона мутасаддиларига қуёш панелларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилот, муассаса, корхона ва бошқа идоралар, тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатиб, муқобил энергия манбасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ўтган йилдан буён воҳадаги 5 минг 459 та иншоот қуввати 41,92 МВт бўлган қуёш панели билан жиҳозланди. Йилнинг тўрт фаслида ҳам қуёш нур таратиб турадиган вилоятда ишга туширилаётган муқобил энергия манбалари тўғрисидаги маълумотлар “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилиб, мониторинги юритилмоқда.


Айни пайтда воҳадаги 858 та ижтимоий соҳа ва давлат идораларига қуввати 15,22 МВтли қуёш панеллари ўрнатилган. 841 та тадбиркорлик субъекти қуввати 12,21 МВт бўлган қуёш панелларидан фойдаланиб, электр энергиясини тежамоқда. 3 минг 636 та аҳоли хонадонларида 10,69 МВтли муқобил энергия манбаларидан оқилона фойдаланилаётир. 32 та кўп қаватли уйга ўрнатилган қуввати 0,66 МВт ли қуёш панеллари хонадонларни узлуксиз муқобил электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири