Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 46 нафар ҳоким ёрдамчиси талабаликка қабул қилинди
09:46 / 2022-09-24

Термиз давлат университетида олий маълумотга эга бўлмаган маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман, шаҳар ҳокими ёрдамчилари суҳбат шаклида сиртдан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Президентимизнинг 2021 йил 3-декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсияси билан давлат гранти бўйича сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиётини жорий этиш белгиланган.

Шунга мувофиқ, Сурхондарё вилояти маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўлида самарали меҳнат қилаётган ҳамда университетда рўйхатдан ўтган ҳоким ёрдамчиларининг имтиҳон (суҳбат) жараёнлари бўлиб ўтди.

Унда университет ректори А. Марахимов, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Жўраев, проректорлар, талабалар орасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга масъул ректор маслаҳатчиси, бўлим бошлиқлари, иқтисодиёт ва туризм факултети декани, кафедра мудирлари иштирок этди.
Мамлакатимизда маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичда ривожлантириш жараёнида маҳаллаларда жорий этилган туман, шаҳар ҳокими ёрдамчилари лавозими ҳудуддан чиқмай туриб, барча хизматлардан фойдаланиш тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига кенг имкон яратди. 

Бу ишни кенг йўлга қўйиш учун ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда хатлов ўтказиб, фуқароларнинг ички имконият ва талабларини ўрганди. Ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари” ни аниқлаб, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, доимий ва қўшимча даромад манбаига эга қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аниқ манзилга йўналтирилган чора-тадбирларни белгилаб олди. 

Айни пайтда Сурхондарё вилоятидаги 721 та маҳаллада фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида бу борадаги ишларни самарали ташкил этмоқда.

– Суҳбат давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим даргоҳларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат грантида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби бўйича муваққат низомига мувофиқ ўтказилди,– дейди Термиз давлат университети ректори Авазжон Марахимов.– Бунинг учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур низомга кўра, Давлат тест марказининг махсус дастури орқали рўйхатдан ўтказилган абитуриент ҳоким ёрдамчиларига суҳбат ўтказиладиган муддат олдиндан хабар берилди. Ишчи гуруҳнинг суҳбати ташкил этилди. Уларнинг кўзидаги ўз ҳудудини юксалтиришга бўлган интилиш, шижоат, ташаббускорлик ва ҳозиржавоблик каби фазилатлардан ҳам олий таълим муассасасида ўқишга иштиёқи баландлигини кўриш мумкин. Бу соҳа вакилларининг давлат гранти асосида олий таълимга эга бўлиши уларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бу даргоҳдан олган билимларини ўз тажрибалари билан уйғунлаштириб олиб боришда муҳим ўрин тутади.

Шу куни суҳбат жараёнларидан ўтган 46 нафар ҳоким ёрдамчиси Термиз давлат университети иқтисодиёт ва туризм факультетига давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилинди. 


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА