Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 31 тадбиркор қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатади
14:45 / 2023-02-27

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичлари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашди.

Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижтимоий-иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириб, ҳудудларда энергия тақчиллиги қопланишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ бу борадаги ишларни комплекс йўлга қўйиш ҳамда сармоядорлар учун қулай шароит ва рағбатлантириш механизмлари жорий этилгани қуёш панеллари ҳамда қуёш сув иситгичлари ўрнатишга қизиқишни оширмоқда.  

Сурхондарё вилоятида ҳам энергия тежовчи технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йилда 3 минг 791 та аҳоли хонадонига кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, идора ва муассасалар, мавжуд сув чиқариш насос станцияларида қуёш панелларидан фойдаланиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.  

Учрашувда воҳада қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичлари ўрнатиш билан шуғулланадиган 31 та тадбиркорлик субъекти мутасаддилари иштирок этди. Унда давлатимиз раҳбари қабул қилган қарор мазмун-моҳияти, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишда яратилган имкониятлар, берилган имтиёзлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Жойларда ҳар бир қуёш панели ва қуёш сув иситгичини сифатли ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. Аҳоли ўртасида қуёш панелларини ўрнатишнинг афзалликлари, кўриладиган фойда, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш тартибларини тўғри тушунтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири