Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 246,9 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
21:24 / 2025-12-18

Мамлакатимизда ер умуммиллий мулк ва у давлат муҳофазасида эканлиги ҳақида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, Сурхондарё тарафларда ҳамон ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, уларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш каби хунук ҳолатларга дуч келинмоқда.

Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси назоратчилари билан суҳбатлашсангиз, ходимлар ердан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, тизимда ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш ва қонунчилик ҳужжатлари ижросини кафолатлашга алоҳида эътибор бераётгани, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли профилактик тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлайди. Бу йўналишда бажарган ишларини далиллар асосида тақдим этади.

Хўш, янги йилга ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Воҳада туганмас бойлигимиз сифатида қаралаётган умуммиллий мулкимизни ноқонуний эгаллаб олиш билан боғлиқ қанча ўзбошимча ҳаракат аниқландию, уларга қандай чора кўрилмоқда?

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари назоратчилари 2 минг 919 та ҳолатда қарийб 247 гектар ер майдони ноқонуний эгаллаб олинганини аниқлаган. Бу ерларнинг 192,6 гектари қишлоқ хўжалиги, 21,8 гектари аҳоли пунктларига, 3,40 гектари сув фонди, 0,50 гектари табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерларга тўғри келмоқда. Бир гектар тарихий маданий аҳамиятга молик ер, 6,10 гектар ўрмон фонди, 16,30 гектар захира, 5,20 гектар саноат, алоқа, мудофаа ва тарихий-маданий объектлар жойлашган ҳудудлар ери ғайриқонуний ўзлаштирилган.

Таҳлилларга кўра, воҳада ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларининг 214 тасида жиноят аломатлари мавжуд деб топилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. 1 минг 401 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Масалан, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси мутахассислари Музработ ва Узун туманлари ҳудудида ер назорати тадбирларини ўтказганида Музработ тумани Обиҳаёт маҳалласида яшовчи Раим Илёсов (Исм-шариф ўзгартирилди) ўзининг яшаш уй-жойига туташ ер участкасидан ўзбошимчалик билан 250 квадрат-метрни эгаллаб олиб, бинойидек савдо дўкони ва тандирхона қургани аниқланган. Узун тумани Қорақир маҳалласида яшовчи Дилшод Саидов эса тумандаги давлат захирасида бўлган ердан 101 квадрат-метрини эгаллаб, 83,8 квадрат-метр майдонда уй-жой қуриб олган.

– Кейинги йилларда ерга оид қонунчилик тубдан такомиллаштирилиб, ҳар қарич ер қатъий назоратга олинди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Менглимамат Абдирахмонов. – Аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан назоратчиларимиз Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан баённома расмийлаштириб, жарима чораларини қўлламоқда. Жумладан, умуммиллий бойликка кўз олайтириб, уни қонунга зид эгаллаб олишга уринган шахслар тегишли тартибда ёзма огоҳлантирилиб, ноқонуний ҳаракатини бартараф этиш бўйича кўрсатма ҳам берилган. Қалтис ишга қўл ургани тушунтирилиб, бунинг учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганини, оқибати яхши бўлмаслигини эслатгач, 1 минг 766 та ҳолатда ер майдони ихтиёрий равишда ўз ҳолига қайтарилган. Йўл қўйган қонунбузарлигини белгиланган муддатда бартараф этмаган шахслар бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, ноқонуний қурилмалар мажбурий тартибда буздирилмоқда.

Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ фақат 2018 йил 1 майгача якка тартибда қурилган ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари ҳамда қурилмалар кўриб чиқилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар эътироф этилиши мумкин. Бу санадан кейин содир этилган ҳар қандай ноқонуний ҳаракат учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланган.

Вилоятда Кадастр агентлиги ер ва кадастр назорати назоратчилари ерга оид қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш юзасидан назорат тадбирларини давом эттирмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири