Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили Абдуҳаким Эшмуродов Термиз шаҳридаги сайловчилар билан учрашувда ана шу ҳақида маьлум қилди.
Ёшлар маркази биносида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил номзод дастуридан ўрин олган келгуси етти йилда таълимни ривожлантиришга оид режалар тўғрисида атрофлича фикр юритди.


– Сурхондарё вилоятида мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж 100 фоиз қопланади, – деди ишончли вакил А.Эшмуродов. – Бунинг учун 2 мингта янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Замонавий мактаблар барпо этиш, уларнинг қувватини ошириш, хусусий секторга шароит яратиш эвазига 2030 йилга қадар қўшимча 100 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилади. Шунингдек, вилоятдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва интерактив доскалар билан жиҳозланади.


Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, турли соҳа вакиллари, партиянинг фаол ёшлари иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида белгиланган устувор йўналишлар мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таьминлашга қаратилгани тўғрисида алоҳида сўз юритди. Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида фикр алмашди. Барчани қадимий ва ҳамиша навқирон Термиз шаҳрининг ободонлиги, иқтисодий ривожи ва аҳолининг тинч, тўкин ҳаёти учун жон куйдираётган ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА