2025 йилда Сурхондарё вилоятидаги ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 66,2 трлн. сўмни, ўсиш кўрсаткичи 2024 йилга нисбатан 106,6 фоизни ташкил қилган.
Вилоятда яратилган ЯҲМнинг Республика ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3,6 фоизни ташкил қилган ҳолда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Бухоро, Наманган вилоятларидан кейинги 10-ўринни эгаллаган.
Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қашқадарё филиали томонидан Сурхондарё вилоятининг 2025 йил январь-декабрь ойларидаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари таҳлилида сўз боради. Қайд этилишича, ЯҲМ таркибида саноат улуши қурилишни қўшган ҳолда 19,2 фоиз (2024 йилнинг мос даврида 18,6 фоиз), қишлоқ ўрмон ва балиқ хўжалиги улуши 37,4 фоиз (2024 йилда 39,4 фоиз) ва хизмат кўрсатиш улуши 43,4 фоиз (2024 йилда 42 фоиз)ни ташкил қилган.

ЯҲМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 76,4 фоиз (2024 йилда 77,9 фоиз)ни ташкил қилган. Жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми 22,2 млн. сўмни ташкил қилган ҳолда (Республика ҳудудлари орасида охирги ўрин) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,2 фоизга ошган. Вилоят жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми Республика жон бошига ўртача кўрсаткичидан 2,2 баравар паст бўлган.
Вилоятда 6,4 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 109,3 фоиз (ўсиш кўрсаткичи бўйича Республика ҳудудлари орасида 2-ўрин)га ошган. Вилоятда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг республика саноатидаги улуши 0,6 фоизни ташкил қилган ва ҳудудлар орасида охирги ўринни эгаллаган. Саноат маҳсулотларининг 65,3 фоизи (2024 йилнинг мос даврида 64,8 фоиз) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган. Шунингдек, вилоят саноати таркибида тоғ-кон саноатининг улуши – 3,5 фоиз, ишлаб чиқарадиган саноат – 90,4 фоиз, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш – 3,9 фоиз, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш – 2,2 фоизни ташкил қилган.
Вилоятда жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 6,3 млн. сўмни ташкил қилган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,9 фоизга ошган. Шунингдек, вилоят миқёсида жон бошига тўғри келадиган саноат ҳажми Республика жон бошига ўртача кўрсаткичидан 4,6 баравар паст бўлган. Истеъмол товарлари вилоятда 51,7 трлн. сўмлик (2024 йилга нисбатан 109,1 фоиз) истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, республикадаги улуши 4,1 фоизни ташкил қилган.
Вилоятда 24,4 трлн. сўмлик қишлоқ ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,9 фоизга ошган. Республика қишлоқ хўжалик маҳсулотларида вилоятнинг улуши 4,5 фоизни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 7-ўринни эгаллаган. Кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 28,3 трлн. сўмни ташкил қилган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 108,1 фоизга ошган. Хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 2,7 фоизни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 9-ўринни эгаллаган. Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 11,9 млн. сўм (Республика жон бошига ўртача кўрсаткичидан 2,3 баравар кам) бўлиб, ҳудудлар орасида охирги ўринни эгаллаган.
Вилоятдаги чакана савдо ҳажми 29,6 трлн. сўмни ташкил қилган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 110,8 фоизга ошган. Чакана савдо ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 6,1 фоизни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 6-ўринни эгаллаган. Қурилиш ишлари ҳажми 6,1 трлн. сўмни ташкил қилган ҳолда, 2024 йилга нисбатан 108,5 фоизга ошган. Вилоятда қурилиш ишлари ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 1,9 фоизни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 9-ўринни эгаллаган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 22,8 трлн. сўм (2024 йилга нисбатан 131,1 фоиз) бўлиб, Республикадаги улуши 3,9 фоиз (ҳудудлар орасида 11-ўрин)ни ташкил қилган. Ташқи савдо айланмаси ҳажми 790,9 млн.
АҚШ долларини ташкил қилган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 186,2 фоизга ошган. 2025 йилда вилоят миқёсида амалга оширилган жами экспорт ҳажми 507,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилган ҳолда 2024 йилга нисбатан 86,2 фоизга ошган. Импорт ҳажми эса 283,4 млн. АҚШ долларини ташкил қилган ҳолда ўтган йилга нисбатан 86,2 фоизга ошган. 2025 йил давомида вилоят миқёсида 4752 та янги кичик субъектлари ташкил этилган. Шунингдек, рўйхатдан ўтган кичик бизнеслар сони 20753 (2024 йилга нисбатан 108,6 фоиз) тани ташкил қилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА