French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 2 минг 719 ҳолатда 232,8 гектар ер ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган
17:26 / 2025-11-14

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 719 ҳолатда 232,8 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди.

Кадастр агентлигининг вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бошқарманинг ер ва кадастр назорати инспекторлари аниқлаган бу ҳолатлар таҳлил қилинганида, қонунга зид эгалланган майдонларнинг 1 минг 254 таси қишлоқ хўжалигига, 860 таси аҳоли пунктларига, 258 таси саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ер экани маълум бўлди. Беш ҳолатда табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган, уч ҳолатда тарихий-маданий аҳамиятга эга, 33 таси ўрмон фонди, 108 ҳолатда сув фонди ерлари ғайриқонуний ўзлаштириб кетилган. 198 ҳолатда захира ерлар ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олинган. Масалан, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси мутахассислари Сариосиё туманида ер назорати тадбирларини ўтказганида Хулкар маҳалласида ер қонунчилиги бузилиб, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилганига дуч келди.

Туманнинг Хулкар маҳалласида яшовчи Валижон Ниёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) фермер хўжалигига тегишли бўлган лалми ер майдонидан ўзбошимчалик билан беш минг метр-квадрат майдонни эгаллаб, унинг 410,2 метр-квадратида яшаш уйи, молхона ва омборхона қуриб олгани аниқланди. 

Яна бир ҳолатда шу маҳаллада яшовчи фуқаро Бахтиёр Ғуламназаров фермер хўжалигининг лалми экин ерларидан уч минг 600 метр-квадратини қонунга зид эгаллаб, 268,8 метр-квадратида яшаш уйи ва молхона барпо этиб олган.

Назоратчилар воҳада ўзбошимча эгаллаб олинган ер майдонларида қурилган қурилишларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-модда, 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштириб, жарима жазоси қўллаётир. Ер майдонларига етказилган зарарни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма берилмоқда.

Мавриди келганда айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ юртимизда фақат 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда қурилган ва ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар, бино ҳамда иншоотлар кўриб чиқилади. Амалдаги тартибга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Вилоятда умуммиллий бойлик бўлган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларининг олдини олиш, ер қонунбузилишларга йўл қўймаслик ва ер қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири