Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 18 раҳбарлик лавозими учун икки юздан ортиқ номзод ҳужжат топширди
19:16 / 2021-07-02

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати йўналишида ҳам туб ўзгаришлар юз бермоқда.

 Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар маъмуриятчилигини таъминлашнинг ошкора, шаффоф усуллари жорий этилиб, раҳбар лавозимларга очиқ тест синовлари асосида саралаб олиш йўлга қўйилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг уч нафар ўринбосари, Термиз шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг 15 нафар раҳбари лавозимига очиқ танлов эълон қилинган эди.  

Соҳадаги мавжуд бўш 18 та раҳбарлик лавозим ўрни учун 200 дан ортиқ номзод ҳужжат топширди. Улардан малака талабларига жавоб берадиган 164 нафари тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.  

Раҳбар лавозимларга кадрлар танлаш бўйича тест синовлари Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг 44 та компьютер билан таъминланган, барча шароитга эга хонасида ташкил этилди. Бу жараённинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш учун тест синовларини ижтимоий тармоқ орқали онлайн кузатиб туриш имконияти яратилди.  

– Шунингдек, тестга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими раҳбарлари ҳам жалб этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали раҳбари ўринбосари Ш.Мисиров. – Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди. Даъвогарлар иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, ахборот технологияси, маънавий ва тиббиёт соҳасига оид тест саволларига ечим излади.  

Тест натижаларига кўра, 56 ва ундан юқори балл олган номзодлар очиқ танловнинг навбатдаги суҳбат босқичига йўлланма олади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА