French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоси тўлиқ ҳал қилинади
16:15 / 2021-06-02

Термиз шаҳрида 2 июнь куни Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” ишлаш асосида аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳаётини яхшилаш бўйича саккизта йўналишдан иборат аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Қайд этилишича, яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш мақсадида “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар қурилади. Бунга Халқаро молия институтларидан 150 миллион доллар жалб қилинади.

Давлатимиз раҳбари Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматовга магистрал тармоқларни лойиҳалаштиришда аҳолига аниқ маълумот бериш, яъни бу йил қайси туманларга, кейинги йил қайсига сув келади – бу ҳақда одамларни хабардор қилиб бориш зарурлигини таъкидлади.

– Лойиҳани шундай қиласизларки, уч йилга мўлжалланган магистрал тармоқлар бир йилда қаерга келса, дарров одамларга сув берасизлар. Иккинчи йилда қайси туманга, қайси маҳаллага сув келади – шуни эълон қиласизлар. Сув келдими аҳоли қабул қилиб олаверади. Ҳеч қайси вилоятда бундай имконият йўқ. “Тўпаланг”ни қандай қийинчилик билан қурганмиз, одамлар ундан баҳраманд бўлиши керак. Икки ой муҳлат сизларга, биринчи йўналишларни менга айтасизлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Шундан 80 миллиард сўми Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.

– Мен кеча ташриф буюрган Шеробод туманининг Каттабоғ маҳалласида яшайдиган 5 минг аҳоли ҳам ичимлик сув билан тўлиқ таъминланади. Ушбу маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларга маданий ҳордиқ учун шароит яратиш мақсадида замонавий маҳалла маркази барпо этилади. Шунингдек, 200 ўринли боғча, 180 иш ўринли тикувчилик корхонаси, 50 гектар иссиқхона ва 150 гектар анорзор ташкил этилади. Умуман, яқин бир ярим йил ичида бу ерда мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Бу каби бунёдкорлик ишлари бошқа маҳаллаларда ҳам изчил амалга оширилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА