ФОТОРЕПОРТАЖ
Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудуд бўйлаб жами 124,23 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.
Ердан фойдаланиш устидан назорат тадбирлари давомида 1 минг 513 та қонунбузилиш ҳолатига дуч келинган. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга 1 513 та ёзма кўрсатма юборилган, шундан 986 таси ижобий ҳал этилган ва 77,32 гектар ер майдонидаги қонунбузарлик бартараф қилинган.
[gallery-24403]
Анжуманда таъкидланганидек, вилоятда 2 миллион 9 минг 911 гектар ер майдони мавжуд, аммо шундан фақат 238,5 минг гектари, яъни 11 фоизи суғориладиган экин майдонларидан иборат. Бу эса ер ресурсларига масъулият билан ёндашиш, улардан қонун доирасида фойдаланиш заруратини кўрсатади. Мана шундай шароитда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш, таваккалчилик асосида қурилиш ишларини амалга ошириш – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлардир.
Тадбирда, шунингдек, ерлардан мақсадсиз фойдаланиш, кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни аукцион орқали сотиш, бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, мурожаатлар билан ишлаш каби йўналишлардаги факт ва дадилларга эътибор қаратилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА