French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 12 нафар алимент олувчига давлат мақсадли жамғармасидан алимент пуллари тўлаб берилди
20:08 / 2022-09-22

Сурхондарё вилоятида вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган қарздорларнинг алимент пуллари бир йўла “Алимент тўловлари” давлат жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида Мажбурий ижро бюроси ҳузурида “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармасини ташкил этиб, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда тўлов бўйича шаклланган қарздорликни ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан бир йўла тўлаб бериш ва кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиш белгиланган эди.

–Шунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида” ги низом тасдиқланиб, фармон ижросини таъминлаш йўлга қўйилди, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. –Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) қоплаб беришга (бир йўла ундирувчига тўлаб беришга) йўналтирилиши белгиланган. Бу тартибнинг йўлга қўйилгани ҳам мамлакатимизда ёшу-кекса бирдек улуғланаётгани ва ҳар бир бола давлатимиз ҳимоясида эканининг амалдаги ифодасидир.

МИБ Сурхондарё вилояти бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вилоятда янги тартибга асосан ҳозиргача 12 нафар алимент олувчига 149 миллион 412 минг сўм алимент қарздорлиги бир йўла тўлаб берилди. Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2014 йил 18 февралдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Жўрақул Турсунов (исм-шарифлар ўзгартирилди)дан ундирувчи Фарида Зоирова фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Қарздор ота бир неча марта огоҳлантирилиб, маъмурий ва жиноий жазога тортилган бўлса-да, тўғри хулоса чиқармаган. Алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Оқибатда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилган ва жиноят иши мазмунан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Ангор туман судига юборилган.

–Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг шу йил 19 апрелдаги ҳукми билан судланувчи Жўрақул Турсунов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топилиб, 1 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди,– дейди МИБ Ангор тумани бўлими бошлиғи Хамид Тоғаев.– Ва ундан ундирувчи Фарида Зоирова фойдасига зарарни ундириш белгиланди. Суднинг мазкур ҳужжати ижро учун қабул қилиниб, тўлиқ ижроси таъминланди. “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 28 миллион 151 минг 86 сўм ундирувчи номига очилган пластик картага ўтказиб берилди.

Хуллас, фарзандлари учун алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаган бемеҳр оталар ўз бурчини бажаришдан кўра панжара ортини афзал кўрган бўлса-да, бегуноҳ болаларнинг бошқа тенгдошлари қатори турмуш кечиришини таъминлаш учун қарздорлик давлат мақсадли жамғармасидан қоплаб берилди. Келгусида бу маблағ алиментчи оталардан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади. Аслида ҳам болаларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатнинг, уларга тўғри тарбия бериб, вояга етгунча моддий таъминлаш ота-оналар бурчидир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири