English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 11 минг 111 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди
16:02 / 2022-09-20

Мамлакатимизда кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлик масалалар, жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда тизимни рақамлаштиришга қаратилган эътибор инсон қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида “Фуқароликни тан олиш” институти жорий этилиб, шу пайтгача 72 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқароси, деган юксак мақомга эга бўлди. Уларнинг 11 минг 111 нафари сурхондарёликлардир.

Бугун Термиз шаҳридаги Матбуот уйида вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақида атрофлича сўз юритилди. Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Х.Холлиев журналистларга соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилдики, кейинги йилларда соҳа рақамлаштирилиб, электрон ахборот тизимларининг кенг жорий этилгани фуқаролар учун қатор қулайликлар яратди. Бунда давлат божи тўловларини (Payme, Click, Upay каби) электрон тўлов тизимлари ёки тўлов терминаллари орқали тез, осон тўлаш имконияти пайдо бўлди. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун “E-mehmon” дастури ишлаб чиқилиб, ушбу дастур орқали — хусусий уй-жой, корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги ётоқхоналар, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларида яшовчиларни ҳисобга олиш тизими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини “Манзил” тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш йўлга қўйилди. Мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш учун электрон тарзда мурожаат этиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тизими ишга туширилди. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид “E-Fuqaro” идоралараро маълумотлар базаси жорий этилиб, фуқаролик масалаларини тизим орқали кўриб чиқиш имконияти яратилди.

Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти, республикада доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси ўрнига 2021 йилнинг 1 январидан идентификация ID-карталарини расмийлаштириш бошланди. Бунинг учун вилоятдаги 17 та ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари махсус техник қурилмалар, компьютер ускуналари билан жиҳозланиб, идентификация ID-карталари расмийлаштириш пунктлари ташкил этилди. Фуқароларга 101 минг 978 та ID-карта расмийлаштирилиб берилди. Шунингдек, доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби ҳам тубдан соддалаштирилиб, ислоҳ қилинди.

Матбуот анжуманида фуқароларнинг чет элга вақтинча чиқиш рухсатнома ёзуви стикери расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш жорий этилгани ва ушбу ҳужжат давлат хизматлари марказлари орқали ҳам берилаётгани, хорижликларнинг мамлакатимизга электрон виза асосида кириш, айрим давлатлар фуқароларининг маълум муддатга визасиз кириш тартиб-таомиллари хусусида ҳам фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири